Энг аввало кон хавфсизлиги учун сармоя киритиш зарур. Қозоғистоннинг Қарағанди вилоятидаги фожиа туфайли “машҳурликка эришган” “АрселорМиттал Темиртау” компаниясининг янги мулкдорларига худди шундай шарт қўйилди. Бу ҳақда “Kazinform” мухбирига минтақа раҳбари маълум қилди.

– Айни пайт давлат ва ҳукумат томонидан қўйилаётган асосий шарт, албатта, ҳам пўлат департаменти таркибидаги комбинатнинг ўзига, ҳам кўмир департаментига ишлаб чиқариш йўналишида инвестиция киритиш, – дейди Қарағанди вилояти акими. – Бу масъуллар бажариши лозим бўлган илк вазифа. Шунингдек, асосий жамғармаларни ҳам янгилаш керак. Жумладан, биринчи навбатда, хавфсизликка эътибор қаратиш зарур.

Ҳозирча Кўмир департаменти вазифасини бажарувчи этиб Вадим Басин тайинланди. У аллақачон аввалги иши – Қарағанди вилояти акими ўринбосарлигини тарк этди. Бу маълумотни аким ҳам тасдиқлади.

– Ҳа, Вадим Басин вилоят акиматидаги лавозимидан кетди, – деди вилоят раҳбари Ермаганбет Булекпаев.

“АрселорМиттал”га тегишли шахта, фабрика ва заводлар

“АрселорМиттал Темиртау” компаниясига қарашли Костенко номли конда юз берган портлаш оқибатида ҳалок бўлгани аниқланган инсонлар ҳозирча 45 кишини ташкил этмоқда. Афсуски, бу мазкур корхона билан боғлиқ ўлим билан тугаган ягона фавқулодда воқеа эмас: бор-йўғи икки ой муқаддам “АрселорМиттал Темиртау”га тегишли “Қозоғистон” шахтасида 5 нафар кончи ҳалок бўлганди. 2016 йилдан буён АМТ конларида авариялар тенденцияси камаймаяпти. Бугун ҳукуматга мазкур компания билан сармоявий ҳамкорликни тўхтатиш бўйича кўрсатма берилди. Бинобарин, ушбу корхона қарамоғида нафақат конлар, балки фаолияти бошқа соҳаларга йўналтирилган турли муассасалар ҳам бор.

Қозоғистонда 1995 йил 17 ноябрь куни Қарағанди металлургия комбинатининг “LNM Group” ихтиёрига берилиши билан тузилган компания “Испат-Кармет” ОАЖ номи билан иш бошлаган. 2004 йил жамият “Миттал Стил Темиртау” АЖга, 2007 йил эса “АрселорМиттал Темиртау” АЖга айлантирилган.

1996 йил июнда корхонада йилига7 миллион тоннадан зиёд қазиб олиш қувватига эга кўмир департаменти ташкил қилинди. Ҳозир мазкур департамент таркибида вилоятдаги 8 та – Абай (1961 йил очилган), Сарань (1955 йил), Қозоғистон (1969 йил), Шахта (1973 йил), Тентек (1979 йил), Костенко номли (1934 йил), Ленин номли (1964 йил) ва Кузембаев номли (1959 йил) конлар мавжуд.

Компания “Шарқий” марказий кон-бойитиш фабрикасига ҳам эгалик қилади. 1980 йил фойдаланишга топширилган бу заводнинг лойиҳа қуввати йилига 6 миллион тоннага тенг бўлиб, мамлакатдаги энг йирик кўмирни қайта ишловчи корхона ҳисобланади.

Бундан ташқари Қарағанди вилояти ҳудуди (Қарағанди, Саран, Абай, Шахта масканлари)да “Кон-шахта машиналари” заводи, “Кўмирсервис” ихтисослашган кон пайвандлаш-созлаш корхонаси, “Ихтисослашган шахтапайванддегазация”, Технология транспорти, кон қурилиши кафедралари, “Энергокўмир” ва юклаш-транспорт бошқармаси, Қарағанди кўмир электр станцияси каби қўшимча ер усти корхоналари жойлашган.

Компания Марказий ва Шимолий Қозоғистонда 4 та йирик темир-руда корхонасига эга. Бу корхоналар Лисаковск, Кентоб, Атасу, Атансор конларидан темир рудасини қазиб олиш ҳамда 2 та иссиқлик энергетика маркази – “Пауэр Нетворкс» ва “Энергокўмир”да қайта ишлаш ва бойитиш билан шуғулланади.

Шунингдек, “АрселорМиттал” бошқарувида “ArcelorMittal Tubular Products Aktau” АЖ ҳам бор. Бу завод Қозоғистондаги йирик диаметрли пўлат қувур ишлаб чиқарадиган ягона корхона ҳисобланади.

Ғ.Хонназаров тайёрлади.

ЎзА