Япония Бош вазири Фумио Кисида дастурий маърузасида дипломатияни мустаҳкамлаш учун, аввало, мудофаани кучайтириш кераклигини таъкидлаб, жумладан шундай деган:
– Ташқи сиёсатни мустаҳкамлаш учун Япония кучли мудофаа тизимига эга бўлиши лозим. Халқ ҳаётини, мамлакат ҳудудини, ҳаво ва сув кенглигини муҳофаза қилиш, мудофаа қобилиятимизни кучайтириш учун келгуси беш йилда 43 триллион иена (318 миллиард доллар) йўналтирилади.
Жорий йил июнь ойида кун чиқар юрт парламенти мудофаа харажати оширилишини кўзда тутувчи молиявий манбалар тўғрисида қонун қабул қилганди. Ҳарбий харажат кўпайиши учун солиққа тортилмайдиган манбалар тақдим этилиши кўрсатилган.
Ҳукумат 2023-2027 йиллар давомида ҳарбий харажатни 43 триллион иена (318 миллиард доллар) ошириш ниятида. Бу ҳозирги кўрсаткичдан 17 триллион иена (тахминан 126 миллиард доллар) кўп. Солиқдан ташқари тушумни таъминлаш мақсадида “Мудофаа салоҳиятини кучайтириш жамғармаси” ташкил этилади. Корпоратив солиқни ошириш ҳисобига ўсган харажатни қисман қоплаш режалаштирилган, бироқ бу чора, ҳатто, ҳукмрон партия ичида ҳам ўта номақбул йўл сифатида қабул қилинган. Шу боис янгиликни жорий қилиш бир йил, яъни 2025 йилга кўчирилди.
Мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш жамғармаси жорий йил бюджетига киритилган ва узоқ муддатли мудофаа эҳтиёжи учун мўлжалланган, солиқдан ташқари тушган 4,5 триллион иена (34 миллиард доллар)ни тақсимлаш учун жавобгар.
Ўтган йил декабрь ойи ўрталарида мудофаа ва хавфсизлик бўйича қабул қилинган уч асосий ҳужжатнинг биринчиси – “Миллий хавфсизлик стратегияси” мудофаа соҳасидаги ташқи сиёсатнинг асосий йўналишларини белгилайди. Иккинчиси – мақсад ва вазифалар белгилаб берилган “Миллий мудофаа стратегияси”. Яна бири – мудофаа воситалари, умумий мудофаа харажати ва қуроллар кўламини белгилашга қаратилган “Мудофаа қобилияти режаси”дир.
Мазкур уч ҳужжатда Япониянинг мудофаа харажатини 2027 йилга бориб ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизигача ошириш зарурлиги кўрсатилган. Бу тахминан 11 триллион иена (81 миллиард доллар)га тенг. 2022 молия йилида (2023 йил 31 мартда якунланган) ҳарбий харажат 5,4 триллион иена (40 миллиард доллар) – ЯИМнинг тахминан 1,24 фоизини ташкил этган. Жорий молия йили мудофаа харажати ўтган йилга нисбатан 1,4 триллион иена (10,4 миллиард доллар) кўп, рекорд даражадаги 6,7 триллион (52 миллиард доллар)га чиқди. Алоҳида бандда қайд этилишича, узоқ муддатли истиқболда “Мудофаани мустаҳкамлаш жамғармаси”га 4,5 триллион иена (34 миллиард доллар) тушиши керак.
“Миллий хавфсизлик стратегияси” ва “Миллий мудофаа стратегияси” рақибн базаларини маҳв этишни назарда тутувчи “Жавоб зарбаси қобилияти”га эга бўлиши назарда тутилган. Ҳозиргача бу қобилият Япониянинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи даражасида назарда тутилган, аммо алоҳида таърифланмаган. Ушбу янгилик мамлакат мудофаа сиёсатида сезиларли ўзгариш юз бераётганини англатади, дейишяпти экспертлар.
Фумио Кисида палата сайтида трансляция қилинган нутқида Россия билан тинчлик шартномаси тузиш масаласига ҳам тўхталган:
– Япония Россия билан ҳудудий муаммони ҳал қилиш ва тинчлик шартномасини тузиш мақсадига бундан кейин ҳам содиқ қолади. РФ билан муносабат оғир аҳволда, аммо биз шу йўлни давом эттирамиз.
Маълумки, Япония ва Россия муносабати кўп йиллар давомида икки мамлакат ўртасида тинчлик шартномаси йўқлиги сабабли яхшиланмаяпти. Тарихга назар ташлаймиз: 1956 йил Япония ва собиқ СССР имзолаган Қўшма декларацияда тинчлик шартномаси тузилгандан кейин Москва Хабомаи ва Шикотанни Японияга ўтказиш имкониятини кўриб чиқишига келишилган. Ўшанда СССР Қўшма декларация баҳсга чек қўйишига умид қилган. Япония эса бу ҳужжат муаммонинг фақат бир қисмини ҳал қилишини таъкидлаб, барча оролларга даъвосидан воз кечмаган. Шундан кейин ҳам қатор музокаралар бўлиб ўтган, лекин натижа чиқмаган.
Москва ушбу тўрт орол устидан суверенитет Иккинчи жаҳон уруши якуни бўйича қўлга киритилгани, бунга шубҳа қилиш мумкин эмаслигини таъкидлаб келади.
С.Раҳимов, ЎзА