Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг Бишкекда бўлиб ўтган 22-мажлиси якуни бўйича 14 ҳужжат имзоланди. Бу ҳақда журналистларга Қирғизистон Бош вазири Ақилбек Жапаров маълум қилди.
– Энг муҳим ҳужжат – кўп қиррали ҳамкорлик бўйича томонлар позициясини акс эттирувчи қўшма коммюнике, – деди у.
Ҳукумат раҳбари айтишича, анжуманда ШҲТ органлари фаолиятига оид қатор қарорлар қабул қилинган. Глобал ва минтақавий ривожланишга доир турли масалалар бўйича конструктив мулоқот ўтказиш, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ долзарб жиҳатлар кўриб чиқилган.
Йиғилиш иштирокчилари маданият, таълим, фан ва технология, атроф-муҳит муҳофазаси, соғлиқни сақлаш, спорт, туризм ва ёшлар сиёсати каби муҳим соҳаларда шериклик кўламини янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади. Аъзо давлатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик муносабатини сақлаш ва мустаҳкамлаб бориш зарурлиги бир овоздан эътироф этилди.
Жапаров Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси олдинда турган устувор вазифаларни бажариш, тузилма янада изчил тараққий этишини таъминлашда муҳим қадам бўлганига ишонч билдирди.
ЎзА