Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига деҳқон хўжалигини юритиш учун ажратиладиган ер участкаларининг ўлчамини оширишга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Мамлакатимизда чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш, чорва озуқа базасини мустаҳкамлашга эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, аҳолининг чорвачилик маҳсулотларини қайта ишловчилар билан ҳамкорлигини кучайтириш, ўз хонадонларида чорва моллари боқишни ташкил этиш каби масалаларда зарур ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қайд этиш жоизки, мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш, аҳолини арзон ва сифатли гўшт ҳамда сут маҳсулотлари билан тўлақонли таъминлаш, шунингдек, янги иш ўринларини яратиш орқали аҳолини банд қилиш доимий эътиборда.

Қонун билан “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунга ҳамда Ер кодексига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилмоқда.

Хусусан, қонунда Қорақалпоғистон Республикасида чорва озуқаси экинларини етиштириш мақсадида деҳқон хўжалигини юритиш учун 0,06 гектардан 5 гектаргача ер ажратиб берилиши белгиланмоқда.

– Бу қонун Қорақалпоғистон Республикаси учун муҳим, -деди Сенат Раиси Танзила Норбоева. – Маълумки, бу ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қатор Президент ҳужжатлари, дастурлар қабул қилинди ва амалда ўз самарасини бериб, Қорақалпоғистонда ҳамма соҳаларда ривожланиш жадаллик билан давом этаяпди. Ўйлайманки, қонун билан киритилаётган ўзгартиришлар шу борадаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлади. Мана шу норманинг ҳаётга татбиқ этилиши ўша ҳудуддаги деҳқон хўжаликларининг янада кенгайишига, чорвачилик тармоғи ривожланиб, янги иш ўринлари яратилишига замин яратади.  Энг асосийси, одамларимиз ҳаёти фаровонлашади.

Сенаторлар маъқуллаган қонун Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчиларни қўллаб-қувватлашга ва мазкур соҳада маҳсулот ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсишини таъминлашга хизмат қилади.

 

Н.Абдураимова, ЎзА