Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Дабида дзюдо бўйича ўтказилаётган «Катта Дубулға» туркумидаги нуфузли турнирда мамлакатимиз спортчилари муносиб натижаларга эришмоқда. Турнирда дунёнинг 77 давлатидан 450 нафар дзюдочи иштирок этмоқда.
Кеча халқаро турнирнинг 73 килограмм вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Шаҳрам Аҳадов финал баҳсида Европа чемпиони, “Катта Дубулға” турнири ғолиби косовалик Акил Гяакова билан кураш олиб борди ва муросасиз беллашувда ғолибликни тантана қилди.
Бугун, 26 октябрь куни «Париж-2024» Олимпиадасига рейтинг очколарни тақдим этадиган мазкур мусобақада дзюдочи йигитлар, 90, 100 ва +100 килограммда, қизлар 78 ва +78 килограмм вазнда совринли ўринлар учун кураш олиб боради.
Ушбу беллашувларда мамлакатимиз терма жамоаси аъзоларидан Отабек Тўрабоев 100 килода, Шоҳруххон Бахтиёров ва Ўткирбек Тўрабоев +100 килограммда, қизлардан Ирисхон Қурбонбоева 78 кило оғирликда ҳамда Рината Илматова +78 килограммда курашларни ўтказади.
Ортда қолган мусобақалар сарҳисобига кўра, иштирокчи давлатлардан Канада терма жамоаси 2 та олтин, 1 та кумуш медаль билан етакчилик қилаётган бўлса, 2 та олтин медалга эга Италия терма жамоаси кейинги ўринда бормоқда.
Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 1 тадан олтин ва кумуш медаль билан кучли учликка якун ясаган. Шунингдек, 1 тадан олтин медаль жамғарган Франция ва Грузия терма жамоалари кейинги қаторларни банд этиб турибди.
Т.Рўзиев, ЎзА