Божхона ходимларининг доимий жанговар шайлигини таъминлаш, жисмоний ва руҳий тайёргарлигини ошириш, уларнинг ҳарбий интизомга риоя этиши ҳамда ўзларига бириктирилган ўқотар қурол ва аслаҳалардан фойдаланиш бўйича кўникмаларини доимий тарзда мустаҳкамлаб бориш мақсадида дала-ўқув машғулотлари ўтказилиб келинмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси шахсий таркиби билан Шимоли-ғарбий ҳарбий округга қарашли “Нукус” умумқўшин полигонида амалий  машғулотлар ташкил этилди.

Жанговар 9 мм.ли Макаров тўппончаси ҳамда AKMS-7.62 мм.ли автоматдан ўқ отиш амалий машғулотларида тасдиқланган режа-график асосида Қорақалпоғистон Республикасида хизмат қилаётган божхоначилар дастлаб техника хавфсизлиги қоидалари билан таништирилиб, уларга қатъий амал қилиш бўйича йўриқномалар берилди.

Бошқарманинг ҳарбий сафарбарлик, жанговар тайёргарлик ва қўриқлаш бўлими бошлиғи ҳамда Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг офицерларидан таркиб топган машғулот раҳбарлари кузатувида ходимлар ўқотар қуроллардан отиш бўйича ўз кўникмаларини оширди. Қизғин ва шиддатли тусда ўтган ушбу машқларда тизим ходимлари мўлжални аниқ олиш, керакли жойда лозим позицияни эгаллаш ва нишонга қарата ўқотиш машқларини бажаришди.

Ташкил этилаётган бу каби тадбирлар республика куч тузилмаларининг ҳамжиҳатликда ҳаракатини таъминлаб, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлигини янада оширишга хизмат қилади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири