Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида “InnoWeek-2023” инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида “Креатив таълим ва инновациялар – янги Ўзбекистон тараққиётининг асоси” шиори остида илмий конференция бўлиб ўтди.

Тадбирни университетнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори И.Турдимамбетов бошқариб борди.

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси инновацион ривожланиш сектори мудири Е.Aбдуғаниев бугунги кунда Қорақалпоғистон минтақасидаги олий таълим ва илмий- тадқиқот муассасалари фаолияти, ҳудуддаги мавжуд экология ва атроф-муҳит муаммоларини ҳал этишга йўналтирилган илмий тадқиқотлар ва уларнинг самарадорлиги борасида фикрлар билдирди.

Конференциянинг ялпи мажлисида Қорақалпоқ давлат университети кафедра мудири, физика-математика фанлари доктори, профессор Қанатбай Исмайлов, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти доценти, биология фанлари доктори Алишер Aжиев, Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар университети “Мевачилик, сабзавотчилик ва полизчилик” кафедраси ассистенти Руслан Сеилбеков долзарб мавзулардаги қизиқарли маърузалари билан иштирок этди.

“Мирзо Улуғбек ворислари” республика танлови ғолибаси Динара Қаллибекова олий таълим муассасаларининг иқтидорли талабалари, ёш стартапчилар жамоалари, илмий инновацион ишланмалар яратишга қизиқувчи ёшлар учун мазкур танловнинг талаблари ҳамда шартлари, шу ва бошқа танловлардаги эришган ютуқлари билан ўртоқлашди.

Иштироклар ҳафталик доирасида ташкил этилган илмий ва инновацион ишланмалар кўргазмасида қатнашди. Кўргазмада Қорақалпоғистон Республикасидаги барча олий таълим муассасаларининг 60 нафарга яқин ёш олими, иқтидорли талабалари ҳамда стартап жамоаларининг 150 га яқин илмий инновацион ишланмаси, стартап лойиҳалари, тадқиқот натижалари  намойиш қилинди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири