Икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Озарбайжон Республикаси мудофаа вазири генерал-полковник Зокир Гасанов бошчилигидаги ҳарбий делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Расмий ташрифнинг асосий кунида меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов ҳамроҳлигида Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуасини зиёрат қилди.

Шундан сўнг делегация вакиллари “Бухоро” полигонига йўл олди. Полигонда генерал-полковник Зокир Гасанов бошчилигидаги ҳарбий делегацияни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Фахрий қоровул саф тортди, ҳарбий оркестр томонидан икки давлат мадҳияси ижро этилди.

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ҳамкорликда эришилаётган ютуқларга тўхталар экан, ўзаро муносабатлар янги стратегик шериклик босқичига кўтарилганини қайд этди

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик ҳар икки давлат армиясини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, ҳарбий, ҳарбий-техникавий, ҳарбий таълим ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, минтақавий хавфсизлик ҳамда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида икки давлат мудофаа вазирлари ҳарбий соҳада эришилган ютуқлар ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган масалалар борасида ҳам фикр алмашдилар. Ҳамкорликни давом эттириш борасида истиқболли таклифлар билдирилди.

Учрашув сўнгида томонлар ўртасида 2024 йилга мўлжалланган ҳарбий ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Озарбайжон ҳарбий делегациясининг юртимизга расмий ташрифи давом этмоқда.

ЎзА