Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова иштирокида брифинг ташкил этилди.

Унда қайд этилишича, умумтаълим мактабларнинг юқори синфлари учун 4 та йўналишда танлов фанлари белгиланди.

4 та йўналишдаги танлов фанлари:

– математика-физика;

–она тили-чет тили;

–кимё-биология;

–математика-чет тили этиб белгиланди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2023 йил 27 июндаги “Умумтаълим мактабларида юқори синф ўқувчиларининг қобилияти ва танлови асосида таълим жараёнларини ташкил этишни тажриба-синовдан ўтказиш тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинди.

Мазкур буйруқ билан, шунингдек, тажриба-синовдан ўтказиш тартиби, ўқув режалари, тушунтириш хати, тажриба-синовдан ўтказиладиган мактаблар рўйхати тасдиқланди.

2023-2024-ўқув йилида республика бўйича 135 та умумтаълим мактаблари танлаб олиниб, ушбу мактабларда жами 137 та синфларда 4 минг 50 нафар ўқувчи Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактабларининг тажрибаларидан келиб чиқиб ишланган ўқув дастурлар асосида таҳсил олмоқда.

Хусусан, математика-физика йўналишида 16 та, она тили-чет тили йўналишида 51 та, кимё-биология йўналишида 40 та, математика-чет тили йўналишда 30 та синфларда ўқувчилар ўзлари қизиққан йўналишлари бўйича таълим олмоқда.

Шу билан бирга, ушбу мактабларга йўналишлар бўйича ҳар бир фан учун тақвим мавзу режалар ишлаб чиқилиб, таълим жараёнига татбиқ этилди ҳамда узлуксиз равишда Республика таълим маркази методистлари, Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактабларининг тажрибали ўқитувчилари томонидан методик ёрдам кўрсатилиб келинмоқда.

Шунингдек, танлов фанлари асосида таълим олаётган ўқувчилар билими Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда йўлга қўйилган янги форматив ва сумматив баҳолаш тизими асосида баҳоланади.

Келгуси ўқув йиллардан бошлаб, ўқувчиларининг қизиқиш ва қобилятига қараб янги йўналишлар тавсия этилиши режалаштирилган.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА