Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Пекинда ХХР раиси Си Цзиньпин билан музокара ўтказди. Мулоқот давомида Тоқаев ҳамкасбига 2024 йил Қозоғистонга ташриф буюриш таклифини билдирди. Қозоғистон давлат раҳбари матбуот хизмати тарқатган хабарда шундай дейилган.

Музокара чоғида кўп томонлама, жумладан савдо-иқтисодий, нефть-газ, нефть-кимё, энергетика, молия, транспорт-транзит соҳаларида, шунингдек атом саноати, машинасозлик, сайёҳлик, электрон савдо ва юқори технологиялар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган. Икки давлат етакчилари ҳамкорликда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ўзаро маданий алмашинув учун шароит яратиш муҳим эканини таъкидлаган. Долзарб халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Учрашув якунида имзоланган беш ҳужжат орасида Хитой – Европа йўналиши бўйлаб контейнерли поезд қатновини назарда тутувчи Транскаспий халқаро транспорт йўлагини ривожлантиришга қаратилган битим ҳам бор.