Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ўзаро ҳамкорлиги кенг қамровли ва самарали тарзда ривожланиб бормоқда.

Ўзбекистон ХМТ кўмаги билан БМТ Бош котибининг “Иш ўринлари яратиш ва адолатли ўтиш учун умумий ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича глобал тезлаткич» ташаббусида биринчи мамлакат сифатида қайд этилган. Айни пайтда Ўзбекистонда мазкур механизмнинг барча элементлари амалиётга жорий этилмоқда.

Бу Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ва Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг минтақавий бюроси директори Михаил Пушкин учрашувида алоҳида қайд этилди.

Мулоқот чоғида меҳнат муносабатлари тизимини такомиллаштириш бўйича янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

ХМТ билан ҳамкорликда қабул қилинган Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган дастур, меҳнат соҳасидаги ҳамда ишлаб чиқариш ва техник йўналишлардаги халқаро стандартларни мамлакат иқтисодиётига кенг татбиқ этиш бўйича кўрилаётган чоралар муҳим ўрин тутмоқда.

Суҳбат давомида муносиб меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат соҳасига халқаро стандартларни жорий этиш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон ва ХМТ ўртасида изчил ривожланиб бораётган ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга, биргаликда амалга ошириладиган лойиҳалар юзасидан маслаҳатлашувларни фаоллаштиришга келишиб олинди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА