Бугун бутун дунёни ташвишга солаётган глобал исиш, иқлим ўзгаришлари, йилдан-йилга кучаяётган қурғоқчиликнинг таъсири нафақат ичимлик суви, балки деҳқончилик билан боғлиқ муаммоларда ҳам кўзга ташланяпти.

Сўнгги 15 йил давомида мамлакатимиз аҳолиси сонининг юқори суръатлар билан ўсиб бориши, қишлоқ хўжалиги ерларининг бошқа тоифага ўтказилиши ва глобал иқлим ўзгариши таъсирининг кескинлашуви оқибатида аҳоли жон бошига тўғри келадиган суғориладиган ер майдонлари ўлчами 24 фоизга, ўртача йиллик сув таъминоти даражаси эса 3 минг 48 метр кубдан 158,9 метр кубгача қисқарди. Яъни, илгари сув борган айрим ер майдонларига сув бориши тўхтади ёки камайди, етказилаётган сув ҳажми қисқарди.

Хўш, давлатимиз томонидан бу муаммоларга барҳам бер учун қандай чоралар кўрилмоқда?

Маълумотларга кўра, 2008-2017 йиллар мобайнида 1,7 миллион гектардан ортиқ суғориладиган майдонларнинг сув таъминоти ҳамда 2,5 миллион гектар майдонларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига эришилди.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг умумий майдони 20 236,3 минг гектар. Шундан ҳайдаладиган ерлар 3 988,5 минг гектарни, кўп йиллик дарахтзорлар 383,1 минг гектарни, бўз ерлар 76 минг гектарни, пичанзор ва яйловлар 11 028,3 минг гектарни, бошқа ерлар 4 760,4 минг гектарни ташкил этади. Бундан 3,2 миллион гектари суғориладиган экин ер майдонлари бўлиб, унда аҳолининг эҳтиёжи учун озиқ-овқат маҳсулотлари, иқтисодиёт тармоқлари учун зарур хом ашё етиштирилмоқда.

Бироқ глобал иқлим ўзгариши натижасида сўнгги йилларда даврий равишда кузатилаётган сув танқислиги ва ички ирригация тармоқларининг асосий қисми яроқсиз ҳолатга келгани суғориладиган экин ерларининг мелиоратив ҳолати ёмонлашишига ва йиллар давомида фойдаланишдан чиқиб кетишига олиб келган.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони экин майдонлари билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишга қаратилган. Унда республикада йиллар давомида ирригация ва мелиорация ҳолати ёмонлашуви натижасида фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни босқичма-босқич қайта фойдаланишга киритиш, ер ости сув захираларидан самарали фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда ички ирригация тармоқларини реконструкция қилиш орқали сув йўқотилишини камайтириш, шунингдек, бу ишларда салоҳиятли инвесторлар иштирокини таъминлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилган.

Фармонга мувофиқ, суғориладиган ва лалми ерлар, тоғ ва тоғолди ҳамда чўл-яйлов ҳудудларининг тупроқ унумдорлигини ошириш, сув ва бошқа табиий ресурслардан самарали фойдаланиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш белгиланган. Чунки ердан фойдаланган сари унумдорлиги ва сифати тушади, шу боис унга ишлов бериш, ерни ўрганиш, зарур кимёвий воситалар билан тўйинтириш жуда муҳим.

Замонавий усуллар асосида мамлакат озиқ-овқат таъминоти барқарорлигига эришиш учун янги серҳосил қишлоқ хўжалиги экинлари, уларнинг бирламчи уруғчилигини яратиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш ва ҳаётга татбиқ этилишини таъминлаш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экин майдонларини томчилатиб суғориш келгуси авлод вакиллари учун сув ресурслари етиб боришида муҳим аҳамият касб этади.

Сув ресурслари ва улардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар, аввало қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш, табиий тизимларда экологик мувозанат ва биохилма-хилликни сақлашга ёрдам беради.

Қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган кимёвий ўғитлар ва пестицидлар тўғри ишлатилмаса, сув ресурсларини ифлослантириши мумкин. Атроф-муҳит омилларини ҳисобга олиш ва сув ресурсларини ҳурмат қилиш сувнинг кимёвий бирикмалар билан ифлосланиш хавфини камайтиришга, саноат ва маиший мақсадларда фойдаланиш учун зарур бўлган сув сифатини оширишга ёрдам беради.

Агросаноат тизимида сув ресурсларини сақлаш, экологик омилларни ҳисобга олиш фермерлар ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг жамият олдидаги масъулияти ва бурчидир. Бу озиқ-овқат хавфсизлигини ва узоқ муддатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни таъминлайди.

Гулноза Бобоева, ЎзА