АОКАда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда ОИТСга қарши курашиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот тақдим этилди.

Таъкидланишича, ОИТС билан касалланган беморнинг қонида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага тушишига эришилса, у бемор юқтирувчи ҳисобланмайди. Яъни, бемор касалликни бошқаларга юқтирмайди.

– Бу мақсадларга эришиш учун республикамизда 173 мингдан ортиқ аҳоли ўртасида экспресс тестлар ўтказилди. Шунингдек, 129 мингта экспресс тестлар республикамизнинг барча туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларига етказилди, – деди М.Саидова. – Давлат бюджети ҳамда ОИТС, безгак ва силга қарши кураш бўйича Глобал жамғарма маблағлари ҳисобидан қарийб 7 миллион АҚШ доллари миқдорида ретровирусга қарши дори воситалари харид қилиниб, 40 мингдан ортиқ бемор вирусга қарши терапия билан қамраб олинди.

Республика ОИТСга қарши кураш маркази ҳамда ФҲДЁ органлари ахборот тизими интеграция қилинди. Ушбу тизим орқали никоҳланувчиларнинг ОИВга тиббий текширув жараёни қулай ва содда ҳолатга олиб келинди. ОИВ бўйича Электрон ахборот тизими Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг электрон базаси билан интеграция қилиниб, ҳозирги кунда ОИВ инфекцияси бўлган 18 ёшгача болаларга нафақа автоматик тарзда белгиланиб, уларнинг нафақа олишида юзага келаётган қийинчиликларга чек қўйилди.

Ҳомиладор аёлларни инфекцияга текширишлар 100 фоиз қамраб олинмоқда. ОИВ аниқланган ҳолатда, ҳомиладор диспансер ҳисобига олиниб, ретровирусга қарши дори воситалари берилади. Ҳомиладорлик давридаги иммунологик кўрсаткичлар ва вирус юкламаси лабораторияда текшириб борилиб, туғуруқ кесарча кесиш усулида амалга оширилади. Туғилган болага профилактика мақсадида ретровирусга қарши дори воситалари берилади.

Бундан ташқари, ОИВ инфекцияли оналардан туғилган 700 дан ортиқ бола олти ойлик бўлгунча қуруқ сут аралашмалари билан таъминланмоқда. Асосий мақсадимиз, олти ойликкача бўлган гўдакларни сунъий қуруқ сут аралашмалари билан таъминлаш орқали инфекциянинг онадан болага юқишини бартараф этишга эришишдир, – деди М.Саидова.

Моҳигул Қосимова, ЎзА