Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга кўра, қуйидагилар соҳани босқичма-босқич ислоҳ қилишнинг устувор вазифалари этиб белгиланди:

темир йўлда ташиш хизматлари бозорида рақобатни шакллантириш ва жозибадор инвестиция муҳитини яратиш орқали ташиш жараёнларига хусусий инвестицияларни жалб қилиш;

темир йўл соҳасини трансформация қилиш ва рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш, хизматлар кўрсатиш жараёнининг узлуксизлиги, сифатлилиги, хавфсизлиги, барқарорлиги ва ишончлилигини таъминлаш; темир йўл корхоналарининг молиявий ҳолатини мустаҳкамлаш, йўловчи ва юк ташишда таннарх ва харажатларни камайтириш, операцион самарадорликни таъминлаш борасида ҳисобдорлик ва рағбатлантирувчи муҳитни яратиш;

тадбиркорлик субъектлари учун темир йўл орқали юк ташиш хизматини кўрсатувчи вагон операторларини эркин танлаш ҳуқуқини таъминлаш;

темир йўл хизматларини кўрсатишда иқтисодий ва молиявий салоҳияти юқори бўлган йўналиш ва соҳаларга мустақил ривожланиш, шу жумладан маҳаллий ва халқаро молия бозорларига чиқиш ҳамда давлат кўмагисиз кредит ресурсларини жалб қилиш учун имконият яратиш;

темир йўл соҳасидаги давлат улуши мавжуд компанияларда корпоратив бошқарув тизимини тубдан яхшилаш, соҳага малакали хорижий менежерлар ва мутахассисларни жалб қилиш.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва унинг таркибидаги корхоналар негизида 2024 йил 1 январга қадар:

йўл хўжалиги, электр таъминоти, сигналлаштириш ва алоқа, локомотив хўжалиги, ягона диспетчерлик маркази ва юк станциялари иш фаолиятини таъминлаш ҳамда мазкур инфратузилма объектларини ривожлантириш бўйича «Темирйўлинфратузилма» АЖ;

юк ташиш хизматларини амалга ошириш, юк вагон ва контейнер хўжалигини сақлаш ва ривожлантириш, мультимодал «эшикдан эшиккача» ташувларни йўлга қўйиш, логистика марказлари ва терминалларини ташкил этиш бўйича «Темирйўлкарго» АЖ;

юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларда йўловчиларни ташиш хизматини кўрсатиш ҳамда юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездлар хўжалигини сақлаш ва ривожлантириш бўйича «Темирйўлэкспресс» АЖ; «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ таркибида вокзаллар фаолиятини таъминлаш бўйича «Темир йўл вокзаллари» МЧЖ ва шаҳар атрофида йўловчилар ташиш бўйича «Шаҳар атрофида йўловчи ташиш» МЧЖ;

болалар оромгоҳлари, соғлиқни сақлаш, маданий-маърифий ва спорт объектларини сақлаш, аҳолига кўрсатиладиган хизматлардан тушадиган тушумларни ошириш ҳамда уларни босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказиш юзасидан тизимли ишларни амалга ошириш бўйича «Темир йўл ижтимоий хизматлар» муассасаси ташкил этилади.

Ташкил этилаётган акциядорлик жамиятлари ва муассасанинг таъсисчиси этиб холдинг сифатида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ белгиланади.

ЎзА