Ҳуқуқий муносабат

Қонунчиликка кўра, икки ёки ундан ортиқ жисмоний шахснинг биргаликдаги ижодий меҳнати натижасида яратилган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи, мазкур асар бўлинмас бир бутун ёки ҳар бири ҳам мустақил мазмунга эга қисмлардан иборат эканлигидан қатъи назар, ҳаммуаллифларга биргаликда тегишли бўлади. Хўш, бундай асарларга муаллифлик ҳуқуқи қандай бўлинади? Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Жавоҳир Эшонқулов бу борада батафсил маълумот берди.

– Ҳаммуаллифларнинг ҳар бири, агар улар ўртасидаги келишувда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, асарнинг ўзи яратган, мустақил мазмунга эга бўлган қисмидан ўз хоҳишига кўра фойдаланишга ҳақлидир. Ҳаммуаллифлар ўртасидаги муносабатлар, қоида тариқасида, келишув асосида белгиланади. Бундай келишув бўлмаган тақдирда, асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи барча муаллифлар томонидан биргаликда амалга оширилади, муаллифлик ҳақи эса улар ўртасида тенг тақсимланади.

Ҳаммуаллифларнинг асари бўлинмас бир бутунни ташкил этса, асардан фойдаланишни етарли асослар бўлмай туриб, тақиқлаб қўйишга ҳаммуаллифлардан ҳеч бири ҳақли эмас.

– Ҳаммуаллифликда яратилган асарлар қанча муддатга амал қилади?

– Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида” ги қонуннинг 35-моддасига асосан ҳаммуаллифликда яратилган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи ҳаммуаллифларнинг бутун ҳаёти давомида ва ҳаммуаллифлар орасида энг узоқ умр кўрган охирги шахс вафот этганидан кейин етмиш йил давомида амал қилади.

– Муаллифлик ҳуқуқининг муҳофаза белгилари қандай?

– Юқорида келтирилган қонуннинг 11-моддасига асосан мутлақ муаллифлик ҳуқуқлари эгаси ўз ҳуқуқларидан хабардор қилиш учун муаллифлик ҳуқуқининг муҳофаза белгисидан фойдаланиши мумкин бўлиб, бу белги асарнинг ҳар бир нусхасида акс эттирилади ва қуйидаги уч унсурдан иборат бўлади.

Жумладан, айлана ичидаги “С” ҳарфи, мутлақ муаллифлик ҳуқуқлари эгасининг исми-шарифи (номи), асар биринчи марта чоп этилган йил.

Муаллифлик ҳуқуқининг муҳофаза белгисида кўрсатилган шахс, агар бошқача ҳол исботланган бўлмаса, мутлақ муаллифлик ҳуқуқлари эгаси ҳисобланади.

– Қандай асарлар муаллифлик ҳуқуқи объектлари бўлади? 

– Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида” ги қонуннинг 6-моддасига асосан қуйидагилар муаллифлик ҳуқуқи обектларидир.

Хусусан, адабий асарлар, драма ва сценарий асарлари, матнли ёки матнсиз мусиқа асарлари, мусиқали драма асарлари, хореография асарлари ва пантомималар, аудиовизуал асарлар, манзарали-амалий ва саҳна безаги санъати асарлари, архитектура, шаҳарсозлик ва боғ-парк барпо этиш саъати асарлари, фотография асарлари ва фотографияга ўхшаш усулларда яратилган асарлар, жўғрофия, геология хариталари ва бошқа хариталар, жўғрофия, топография ва бошқа фанларга тааллуқли тарҳлар, эскизлар ва асарлар, барча турдаги ЭҲМ учун дастурлар, шу жумладан ҳар қандай дастурлаш тилида ва ҳар қандай шаклда, чунончи бошланғич матн ҳамда объект кодида ифодаланиши мумкин бўлган амалий дастурлар ва операция тизимлари.

– Қандай материаллар муаллифлик ҳуқуқи объектлари ҳисобланмайди? 

– Юқорида келтирилган қонуннинг 8-моддасига асосан қуйидагилар муаллифлик ҳуқуқи объектлари бўлмайди. Жумладан, расмий ҳужжатлар, шунингдек, уларнинг расмий таржималари, расмий рамзлар ва белгилар, халқ ижодиёти асарлари, оддий матбуот ахбороти тусидаги кундалик янгиликларга доир ёки жорий воқеалар ҳақидаги хабарлар, инсоннинг бевосита индивидуал асар яратишга қаратилган ижодий фаолияти амалга оширилмасдан, муайян турдаги ишлаб чиқариш учун мўлжалланган техника воситалари ёрдамида олинган натижалар.

Гулноза Бобоева, ЎзА