Бугунгача 19-Осиё ўйинлари дастуридан ўрин олган 19 та спорт туридаги мусобақалар поёнига етиб, сарҳисоб қилинмоқда, қолган спорт дастурларида эса шиддатли мусобақалар давом этмоқда.
Айтиш лозим, дунёдаги аксарият ахборот воситалари хабарларининг катта қисмини Осиё ўйинлари мавзуси қамраб олган.
Бугун, яъни 6 октябрь куни “Ханчжоу-2022” ўйинларида ўтказиладиган мусобақалар хусусида тўхталадиган бўлсак, “кичик олимпиада”нинг 13-кунги беллашувларида 28 та спорт тури бўйича баҳслар давом эттирилади. Унинг 17 тасида медаллар учун муросасиз курашлар бўлиб ўтади.
Мамлакатимиз спортчилари 9 та спорт турида ўз омадларини синовдан ўтказишади, 20 тага яқин яккалик ҳамда 6 тадан зиёд жамоавий йўналишларда қатнашади.
Осиё ўйинлари тарихида ярим финал остонасигача бўлган йўлни мардонавор босиб ўтиб, аёллар футболида янги саҳифа очган ўзбекистонлик футболчи қизлар Хитой жамоаси билан бронза медали масаласини ҳал этиш учун майдонга тушади.
Вилана Савадьян, Евелина Атальянц, Тахмина Икромовадан иборат бадиий гимнастикачиларимиз, Бекзод Қурбонов, Хуршидбек Алимжонов, Баҳромжон Газиевдан иборат чавандозларимиз яккалик ва жамоавий баҳсларда иштирок этишади. Шунингдек, шахматчи йигитлар ва қизларимиз Осиё ўйинларининг 8-туридаги баҳсларини ўтказади.
Яккалик мусобақаларда Улуғбек Алибоев, Самарбек Ҳамроев, Зулхумор Турсуналиева каратэда, Умид Сайдуллаев, Фаҳад Алмарри, Ферузбек Ўроқов жиу-житсуда, Аббос Раҳмонов, Нодиржон Сафаров эркин курашда, Светлана Оқназарова, Фируза Эсанбоева, Дилфуза Аимбетова аёллар курашида, Акбар Жўраев, Руслан Нуруддинов, Ригина Адашбоева оғир атлетикада, Анвар Клевлеев, Алибек Темиргалиев слаломда эшкак эшишда, Диана Онкес, Зиёдахон Тошхўжаева синхрон сузишда, шунингдек, от спорти, брейк-данс мусобақаларида ҳам бир қатор спортчиларимиз медаллар учун баҳс олиб боради.
Умумий медаллар жамғариш ҳолатига назар ташласак, Хитой (179-99-55), Япония (44-54-60), Жанубий Корея (33-47-77), Ҳиндистон (21-32-33), Ўзбекистон (19-16-25), Хитой Тайпейи (15-15-23), Шимолий Корея (10-16-9) Таиланд (10-14-27), Баҳрайн (10-2-5), Эрон (8-17-17) давлатлари кучли ўнликни банд қилиб турибди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА