Инсон камолотида устоз-мураббийнинг ўрни ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ўқитувчининг зиё нури ила инсоният инсон деган номга муносиб тарзда ҳаёт кечириш, маънавиятли бўлиш, омилик ботқоғидан чиқишга эришади. Ҳар қандай соҳада фаолият юритаётганларнинг, турли касб эгаларининг юксак марраларга эришиши ортида ўқитувчи туради.

Шундай экан, бутун дунёда ушбу машаққатли касб эгаларини эъзозлаш, қадрлаш, меҳнатини юзага чиқариш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қаратилади.

Маълумотларга кўра, ЮНEСКОнинг 1966 йил 5 октябрда Париж шаҳрида бўлиб ўтган 14-сессиясида Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда Ўқитувчиларнинг мақоми тўғрисида тавсиянома қабул қилинган. Мазкур ҳужжатда ўқитувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, улар учун яратилиши зарур бўлган энг муҳим шарт-шароитлар бўйича халқаро меъёрлар белгиланган.

Шу муносабат билан 5 октябрь санаси 1994 йилдан бери Халқаро ўқитувчилар куни сифатида нишонлаб келинади. Жумладан, мазкур кун юздан ортиқ давлатда кенг нишонланади. Сананинг аҳамияти шундаки, ўқитувчиларнинг инсоният ҳаёти ва жаҳон тараққиётида тутган ўрни ва аҳамиятини, уларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эътибор қаратиш лозимлигини эслатиб туради.

Ўзбекистонда ҳар йили 1 октябрь санаси Ўқитувчи ва мураббийлар куни сифатида кенг нишонланади. Юртимизда устоз-мураббийларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қадр-қиммати ва шаънини юксак даражага кўтариш, уларнинг касбий фаолиятига аралашмаслик борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Янгиланган Конституциямизда ҳам бу борада алоҳида норма мустаҳкамлаб қўйилди.

Шунингдек, Сенатнинг яқинда бўлиб ўтган ялпи мажлисида “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун ҳам маъқулланди. Унда белгиланган ҳуқуқларга кўра, педагоглар касбий фаолиятни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини талаб қилиши, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ижодий таътил олиши, ўз касбий фаолиятига ғайриқонуний равишда аралашувдан ҳимояланиш ҳамда таълим олувчилар ва уларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари) томонидан педагогнинг касбига ҳурмат билан муносабатда бўлишини талаб қилиш ҳуқуқларига эга бўлади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА