6 октябрда Сурхондарё вилоятининг Денов туманида миллий таомлар сайли ўтказилади.

Сина қишлоғида бўлиб ўтадиган сайилда шаҳар ва туманларнинг миллий услубда безатилган павильонлари ташкил этилиб, воҳанинг ҳудудларига хос тансиқ таомлар кўргазмаси, моҳир пазандаларнинг турли таомлар тайёрлаш билан боғлиқ услуб, удум ва анъаналари кенг намойиш этилади.

Денов тумани ўзининг бой тарихи, археологик ёдгорликлари, муқаддас зиёратгоҳлари, сўлим табиати билан сайёҳларда катта қизиқиш уйғотиб келади. “Будрачтепа”, “Холчаён”, “Денов қалъа”си каби археологик ёдгорликлари, Хўжа Аловуддин Аттор зиёратгоҳи, Саид Оталиқ мадрасаси билан танилган.

– Осмонўпар тоғлар қўйнидаги Сина қишлоғи ички ва ташқи туризмни кенг ривожлантириш учун катта имкониятга эга, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Жўрабек Тўраев. – Қадимий бу гўша нафақат гўзал табиат манзаралари, балки “Сумбула” табиат мўъжизаси, Хўжа Баркуҳ, Хўжа Ҳисор каби зиёратгоҳлари билан маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни мафтун этади. Тоғли қишлоқ миллий урф-одат ва анъаналари, меҳмондўст одамлари эса ўзининг пазандалиги билан ҳам шуҳрат топган. Миллий таомлар сайлининг бу қишлоқда ўтказилиши ҳудудга туристлар оқимини янада кўпайтиришга, воҳанинг этник сайёҳлик салоҳияти билан яқиндан танишишга хизмат қилади.

Сайил доирасида фольклор этнографик жамоалар, миллий чолғу гуруҳлари ва ёш санъаткорларнинг чиқишлари, анъанавий халқ ўйинлари бўйича турли мусобақалар ташкил этилади. Журналистлар учун ҳудуднинг туристик обьектларига пресс-тур уюштирилади. “Энг яхши миллий таом”, “Энг яхши ошпаз” каби йўналишлар бўйича ғолиблар аниқланиб, диплом, махсус статуэтка ва эсдалик совғалар билан тақдирланади.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири