Бугун, 5 октябрь куни Осиё ўйинларининг 12 кунги дастуридан ўрин олган 27 та йўналишда беллашувлар ўтказилса, шундан 14 тасида “кичик олимпиада” медаллари учун муросасиз курашлар кечади. Ўзбекистон спортчиларининг 45 нафарга яқини бугунги мусобақаларда иштирок этиши режалаштирилган бўлса, уларнинг 20 нафардан зиёди медаллар учун кураш олиб боради.

Жумладан, енгил атлетикачимиз Шохрух Давлатов марафон баҳслари финалида ўз чиқишини амалга оширса, албпинизм мусобақаларининг турли йўналишларида Артьём Баранов, Ирода Рапикова, Асал Исломова иштирок этади.

Кун давомида жиу-житсучиларимиз Ҳусрав Холов, Ҳасанжон Набиев, Сирожбек Рустамов, Сарварбек Раҳмонбердиев, Гулнур Муратбаева, каратэчиларимиз Қувончбек Муҳаммадиев ва Бону Эгамбердиева, слаломда эшкак эшишда Анвар Клевлеев, Алибек Темиргалиев, Шаҳобиддин Болтабоев, Жонибек Темиргалиев, велошоссенинг жамоавий пойгаларида Дмитрий Бочаров, Муроджон Холмуродов, Бекзодбек Раҳимбоев, Акрамжон Суннатов, аёллар курашида Жасмина Иммаева, Лайлохон Собирова, Актенге Кеунимжаева, юнон-рум курашчиларидан Рустам Ассакалов, Темурбек Насимов, оғир атлетикачилаимиздан Суннатилла Ўсаров, шунингдек, от спорти вакиллари Ханчжоу-2022 спорт майдонларида ватанимиз шарафини ҳимоя қилишга киришмоқда.

Рустам Қосимжонов бош мураббийлигидаги шахматчиларимиз 7-турда Жанубий Корея жамоаси билан куч синашса, “ақл гимнастикаси”да ўз маҳоратини кўрсатиб келаётган шахматчи қизларимиз Таиланд вакилларига қарши дона суради.

5 октябрь куни юртимиз бокс мухлислари орзиқиб кутаётган жангларни 51 килограмм вазнда Ҳасанбой Дўсматов бошлаб беради. Жаҳон боксида ўз “дастхатига” эга Ҳасанбой таиландлик Титисан Панмот билан олтин медаль масаласини ҳал этади.

57 килограммда Париж-2024 йўлланмасини қўлга киритган умидли спортчимиз Абдумалик Холоков ва япониялик Шудаи Ҳарада қарама-қаршилигидаги жангда 19-Осиё ўйинлари ғолиби аниқланади.

Дунё спорт ихлосмандлари эътиборидаги учрашув – оғир вазн тоифасида Баҳодир Жалолов ва қозоғистонлик Камшибек Конкабаев ўртасидаги жанг сўзсиз Осиё ўйинларининг энг юқори нуқтасидаги басҳларидан бири бўлиб тарихга кириши шубҳасиз.

Ханчжоу-2022 ўйинларининг ортда қолган ўн бир кунлик совринли ўринлар сарҳисобига кўра, Хитой терма жамоаси 171-94-51 медалларга эга чиққан ҳолда умумжамоада якка пешқадамлик қилмоқда.

Кейинги ўринлардан жой олган Япония (37-51-59), Жанубий Корея (33-45-70), Ҳиндистон (18-31-32), Ўзбекистон (16-16-22), Хитой Тайпейи (12-14-20), Таиланд (10-12-24), Шимолий Корея (9-11-8) давлатлари ўз ўринларини янада мустаҳкамлаш учун кураш олиб бормоқда.

Совринли ўринлар ҳолатидан ҳам кўриниб турибдики, биринчи, иккинчи ва учинчи қаторларнинг эгалари деярли маълум. Улардан кейинги 4-5 поғоналар учун пойга эса Осиё ўйинларининг қолган тўрт кунида Ҳиндистон, Ўзбекистон, Хитой Тайпейи, Таиланд спорт жамоалари орасида янада шиддатли кечиши тайин. Бу сафга ҳозиргача 9 тадан 6 тагача олтин медалларни жамғарган Гонконг, Эрон, Бахрайн, Индонезия каби давлат вакиллари ҳам қўшилишга ҳаракат қилиши бор гап.

Осиё ўйинларининг бири-биридан қизиқарли, кутилган-кутилмаган натижаларга бой мусобақаларида ҳамюртларимиз янги Ўзбекистоннинг янги ғалабаларини таъминлашини қалб қўримиз билан истаб қоламиз.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА