Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 11 февралдаги “Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси очиқ стипендия танловлари тартиби билан боғлиқ янгиликларни вазирлик, идора ва ташкилотлардаги ёш ходимларига, шунингдек, олий таълим муассасалари талаба ёшлари орасида кенг тарғиб этишга қаратилган семинар ўтказилди.

Тадбирда вазирлик, идора ва ташкилотлардан ёш ходимлар, олий таълим муассасаларининг хорижий давлатлардаги таълим дастурларига масъул раҳбарлари, битирувчи талабалар ҳамда “Келажак лидерлари” клуби аъзолари иштирок этишди.

Семинардан кўзланган мақсад иқтидорли ва истиқболли ёш мутахассислар ва талаба ёшларни “Эл-юрт умиди” жамғармасининг (бакалавриат, магистратура ва докторантура) таълим дастурлари асосида хориждаги нуфузли таълим ҳамда илмий муассасаларда таълим олишида кўмаклашиш, профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини шакллантириш, уларни давлат хизматига жалб этишга қаратилган.

Тадбирда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси филиали раҳбари ўринбосари А.Реимбаев, “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари ҳисобидан хориждаги нуфузли олий таълим муассасаларида магистратура дастурлари орқали таълим олиб, бугунги кунда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган стипендиантлар сўзга чиқиб, жамғарма томонидан ёшларга ажратилаётган хорижий грантларнинг аҳамияти, бундан ташқари, қандай қилиб Жамғарма стипендиясини қўлга киритиш мумкинлиги тўғрисида сўзлашди. Шунингдек, ёшларни рағбатлантириш йўл-йўриқлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Семинар давомида иштирокчилар хорижий таълим дастурлари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари