Жорий йилнинг 29-30 сентябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманининг энг чекка “Белтау” овул фуқаролар йиғинида “Орол балиқларидан 99 тур таомлар” гастрономик ҳамда “Аббозовози – Қаратеран оҳанглари” фольклор фестиваллари ўтказилди.

Тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, “Ўзбекбалиқсаноат” бирлашмаси, Маданият вазирлиги, Тахтакўпир тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида  ташкил этилди.

Маълумки, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида туризмнинг бир қатор йўналишлари жадал ривожланиб келмоқда. Ҳудуднинг жанубий масканларида жойлашган қадимий қалъалар ва Нукус шаҳридаги дунёга машҳур И.В.Савицкий давлат санъат музейи – тарихий-маданий туризм, Орол денгизи ва Устюрт платоси – экотуризм, маҳаллий маданият ва урф-одатларни ёрқин намоён этувчи чимбойлик ҳунармандлар – этнотуризмнинг асосий дестинациялари бўлиб ҳисобланади. Мазкур туристик йўналишлар қаторида гастрономик туризм ҳам катта  аҳамиятга эга бўлиб, қорақалпоқ халқининг анъанавий ошхонаси ўзига хос томонлари билан ажралиб туради.

Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир вилояти ўзига хос таомларига эга бўлганидек, Қорақалпоғистоннинг бир қатор, шу жумладан, балиқдан тайёрланган таомлари ўзининг мазаси билан ҳар бир ташриф буюрувчини баҳраманд қилади.Азалдан қорақалпоқ овулларининг тарихи Орол денгизи ва унга туташувчи дарё, кўллар ва сув ҳавзалари  билан чамбарчас боғлиқ бўлиб келган. Ўз вақтида денгиз ва атрофдаги бошқа сув ҳавзаларидан овланган балиқлардан анъанавий усулларда турли хил таомлар тайёрланиб келинган.

Қорақалпоғистоннинг гастрономик туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида 2017 йилдан буён “Орол балиқларидан  99 тур таомлар” халқаро гастрономик фестивали ўтказиб келинмоқда. Мазкур тадбир миллий фақатгина балиқ таомларини тарғиб қилмасдан, ҳудуддаги бошқа туристик йўналишларга ҳам маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб қилади. Кенг қамровли фестиваль дастлаб Қорақалпоғистоннинг ўзига хос бўлган туристик маскани –Мўйноқ туманидан бошланган ва кейинчалик Нукус шаҳрида ҳам ўтказилган. Бешинчи маротаба ташкил этилаётган бу йилги фестиваль Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир туманида ташкил этилди.

Ушбу фестивалларнинг Тахтакўпир туманининг чекка ҳудудида ўтказилаётгани бежиз эмас. Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг февраль ойида ҳудудлардаги бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар ва аҳоли ҳаёти билан танишиш мақсадида Қорақалпоғистонга ташрифи доирасида ушбу овулдаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечириб, муаммоларни ҳал этиш, бандликни таъминлаш борасидаги таклифларини билдирган эди. Натижада Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши томонидан ҳамкорликда олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда овулнинг қиёфаси тубдан ўзгарди.

Гастрономик фестиваль доирасида ўтказилган ошпазлар беллашувида Қорақалпоғистон Республикасидан ва вилоятлардан 60 нафарга яқин ошпаз иштирок этиб, уларнинг ҳар бири балиқдан 5 хил таом тайёрлади. Уларнинг маҳоратини мамлакатимиздан ҳамда хориждан таклиф этилган ҳайъат аъзолари баҳолаб борди. Танлов якунида 1-ўринга Нукус шаҳридан Мадина Давлетмуратова муносиб деб топилди. Иккинчи ўринни Мўйноқ туманидан Улбосин Сейтбаева, учинчи ўринни Навоий вилоятидан Шаҳзод Хусенов ҳамда Элликқалъа туманидан ЭлёрОтажановлар эгаллади.

“Аббоз овози – Қаратеран оҳанглари” фольклор фестивали доирасида бахшилар, жировлар ва қиссахонлар иштирокидаги кўрик- танлов ғолиблари ҳам аниқланди. Бахшичилик йўналишида биринчи ўринни Нукус шаҳридан Г.Қудайбергенова, Т.Бердимуратов, иккинчи ўринни Нукус шаҳридан Г.Хамитова, С.Халмурзаева, учинчи ўринни Чимбой туманидан Г.Раметуллаева, жировчилик йўналишида биринчи ўринни Нукус шаҳридан К.Ҳабибназаров, иккинчи ўринни Нукус шаҳридан А.Хожаназаров, учинчи ўринни Нукус шаҳридан Б.Сарсенбаев эгаллаган бўлса, қиссахонлик йўналишида биринчи ўринни Чимбой туманидан Қ.Жуманиязов, Тахиатош туманидан Г.Мустапаева, иккинчи ўринни Нукус шаҳридан А.Абибуллаев, Тўрткўл туманидан И.Зинатдинов, учинчи ўринни Нукус шаҳридан М.Алимбетов қўлга киритди.

Тадбир давомида маҳаллий ошпазларнинг балиқ таомларини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари, ҳунармандлар кўргазмалари, концерт дастури, бошқа маданий ва кўнгилочар тадбирлар намойиш этилди.

Икки кун давом этган фестивалларни нафақат маҳаллий аҳоли, балки хориждан ташриф буюрган сайёҳлар ҳам катта қизиқиш билан томоша қилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат-видео),  

ЎзА мухбирлари.