Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғи И.Казаков масъул ходимлар билан бирга ҳудудда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларида бўлиб, “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимида яратилган қулайликлар билан таништирди.

Эндиликда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари хориждан олиб келинган товарларга божхона тўловларини тўламасдан, уларни қайта ишлаши ва қайта ишлаш (қадоқлаш, ўраш, саралаш, тозалаш, бошқа товарларга мослаштириш ва модернизация қилиш) натижасида пайдо бўлган товарларни ҳеч қандай тўловларсиз яна хорижга олиб чиқиши мумкин. Бунинг учун эса товарларни олиб келишда “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимини танлашнинг ўзи кифоя.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 апрелдаги “Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими қўлланилишини соддалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан ушбу режимга биноан товарларни жойлаштириш тартиб-тамойиллари соддалаштирилиб, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг харажати камайтириладиган бўлди.

Қўшни Қозоғистон Республикасидан буғдой маҳсулотини импорт қилиб, замонавий технологиялар асосида уларни қайта ишлаб маҳсулот ишлаб чиқарувчи “Xojeyli Un Mahsulotlari” ва “Atiyaj Gulzar” корхоналари шу кунга қадар олиб келинган дон маҳсулоти учун божхона тўловларини тўлиқ тўлаб келмоқда. Мазкур корхоналар ички бозор талабидан ортган ун маҳсулотларини Афғонистон Республикасига ҳам экспорт қилмоқда.

Ушбу корхоналар томонидан жорий йил бошидан 14,6 миллион АҚШ доллари қийматидаги буғдой импорт қилинган бўлиб, фақатгина 1 миллион АҚШ доллари қийматидаги ун маҳсулоти экспортга чиқарилган. Мазкур ҳолатда тадбиркорлик субъектларига импорт қилинган буғдойнинг қайта ишланиб, экспортга чиқарилаётган миқдорига божхона тўловларини иқтисод қилиш ва мазкур суммалардан корхона экспорт салоҳиятини ошириш, иш ҳажмини кенгайтириб, янги иш ўринларини очишда фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.

Тери хомашёсини қайта ишлаш орқали тайёр ва ярим тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи “Oreint Technology” МЧЖ кўринишидаги қўшма корхонаси шу кунга қадар ўз фаолиятида ишлатиладиган хомашёларни “Эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштириб, божхона тўловларини тўлаб келаётган эди. Жорий йил бошидан 195,8 минг АКШ доллари миқдоридаги кимёвий воситаларни импорт қилган ва 2 миллион 116 минг АҚШ доллари қийматидаги маҳсулот экспортини амалга оширган мазкур корхонага ҳам божхона ҳудудида қайта ишлаш режимини қўллаш натижасида экспорт салоҳиятини янада ошириш чоралари батафсил тушунтирилди.

Навбатдаги манзил эса маҳаллий ва хорижий хомашёдан тиббиёт анжомларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “Nukus Med Tex” корхонаси бўлди. Йилига 250 миллион дона бир марта фойдаланиладиган тиббий буюмлар, яъни 12 хил турдаги шприц ва инфузион системаларни ишлаб чиқариш қувватига эга ушбу корхона ички бозор талабидан ортган тиббий буюмларни дунё бозорларига экспорт ҳам қилмоқда. Мазкур тадбиркорлик субъекти томонидан йил бошидан 758 минг АҚШ доллари қийматидаги хомашё импорти амалга оширилган бўлсада, атиги 223 минг АҚШ долларлик товарлар экспортга чиқарилганлиги айтиб ўтилди.

Таъкидлаш жоизки, божхона ҳудудида қайта ишлаш режимида яратилаётган кенг имкониятлар, хусусан, хомашё импортида божхона тўловларидан бутунлай озод этилиши қайта ишланган сифатли маҳсулотларнинг дунё бозорларини тобора забт этишига катта замин яратади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА