Шу кунларда Қозоғистон Республикаси Манғистау вилояти ҳокимлиги ҳамда туристик корхоналари вакилларининг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи бўлиб ўтмоқда.
Ташрифнинг дастлабки кунида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида қабул маросими ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон ва Қозоғистоннинг туризм соҳасидаги тадбиркорлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, туристик маршрутларни ишлаб чиқиш, туристлар оқимини кўпайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 26 апрелдаги “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Қозоғистон Республикаси билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тадбиркорлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш борасида қатор ижобий ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) қўллаб-қувватлаши туфайли 2022 йилнинг 23-25 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси туризм ва маданий мерос вазирининг биринчи ўринбосари Байрам Кусекеев раҳбарлигидаги туристик корхоналар вакилларининг Ақтау шаҳрига ташрифи ташкил этилган эди. Ташриф давомида ўтказилган тадбирда Қозоғистон Республикаси Манғистау вилояти Туризм бошқармаси вакиллари ҳам иштирок этиб, Қорақалпоғистон Республикасининг туристик салоҳияти тақдимоти ўтказилди ва ҳудудда соҳадаги имкониятлар тарғиб қилинди. Ушбу ҳамкорликнинг давоми сифатида вилоят вакиллари Оролбўйига ташриф буюрди.
Делегация аъзолари Игорь Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида бўлиб, ноёб экспонатлар билан танишди. Шу ернинг ўзида Манғистау вилояти ҳокимлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Маросимдан сўнг икки томоннинг туризм соҳасидаги тадбиркорлари ўртасида B2B учрашуви ўтказилди.
Ташриф давомида Хўжайли туманидаги “Миздакхон” тарихий мажмуаси, Мўйноқ туманидаги Ҳаким ота – Сулаймон Боқирғоний зиёрат мажмуаси, “Ерқосай ота” мақбараси, Қуйи Амударё давлат биосфера резервати, Чимбой туманидаги ҳунармандлар устахонаси каби бир қатор диққатга сазовор жойларга 3 кунлик инфотур ташкил этилади. Меҳмонлар, шунингдек, Тахтакўпир туманининг “Белтау” овул фуқаролар йиғинида ўтказилаётган “Орол балиқларидан 99 тур таомлар” гастрономик ҳамда “Аббоз овози – Қаратеран оҳанглари” фольклор фестивалларида иштирок этади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари.