Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 августдаги “Буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва фаолияти, унинг жаҳон тамаддуни ривожига қўшган улкан ҳиссасига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция ҳамда Тошкент шаҳрида улуғ аллома таваллудининг 1050 йиллигига бағишланган халқаро анжуманни ўтказиш вазифаси белгиланган.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида пойтахтимизда “Абу Райҳон Беруний илмий меросининг жаҳон фани ривожидаги ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Ушбу йирик халқаро тадбир Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан биргаликда ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Абдухалил Маврулов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов ва бошқалар дунёга янги Ўзбекистон сифатида танилиб бораётган мамлакатимизда миллий анъана ва қадриятларни авайлаш, буюк аллома боболаримиз илмий меросини чуқур ўрганиш, улар қолдирган бой илмий, маънавий меросни тарғиб этиш борасида тизимли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

Халқаро анжуманда буюк қомусий олим, жаҳон эътибори ва эътирофидаги аллома Абу Райҳон Берунийнинг ҳаёти, илмий фаолияти, жаҳон илм-фани ривожидаги ўрни хусусида юртимиз ва хорижлик олимлар батафсил сўз юритди.

Анжуманда таъкидланганидек, Беруний астрономия, математика, маъданшунослик, география, тарих, доришунослик ва бошқа фанларга оид 150 дан ортиқ асарлар ёзган. Улардан 31 таси бизгача етиб келган. Улар орасида алломанинг бир қатор фундаментал асарлари мавжуд. Масалан, «Ал-Осор ал-боқия мин ал-қурун ал-холия» («Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар. Хронология) – қадимги ва ўрта асрлар давлатлари ва халқлари вақт ҳисоби тарихига бағишланган бўлиб, унда уларнинг диний ва миллий байрамлари ҳақида маълумот берилган. Берунийнинг «Ҳиндистон» асари Ҳиндистон қомуси бўлиб, олим унда ҳиндистонликларнинг урф-одатлари, байрамлари, илму фани ҳақида маълумот беради.

Абу Райҳон Берунийнинг фалсафа, геодезия, математика, астрономия ва бошқа йўналишларга доир бебаҳо асарлари ҳозиргача жаҳоннинг етакчи университетлари, илмий-тадқиқот марказлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, аллома асарларида кўрилган ҳар бир мавзу ва масалага ўзи  ишлаб чиққан пухта илмий услуб асосида ёндашганки, бу услуб ҳозирги илмий методологияга тўлиқ мосдир. Жумладан, асарнинг мавзуидан қатъи назар, унинг яратилиши жараёнида фойдаланилган манбалар ҳам хронологик, ҳам географик жиҳатдан жуда кенг қамровлидир. Аллома асарларида милоддан аввалги V асрдан милодий ХI асргача Марказий Осиё, Хуросон, Эрон, Ҳиндистон, Яқин Шарқ, Юнонистон, Рим ва бошқа ҳудудларда яшаган олимлар ёки уларнинг асарларига ишоралар бор.

Қадимги тилларни билгани ва сарой кутубхоналаридан фойдаланиш имкониятига эгалиги туфайли муаллиф яҳудий, насроний ва мусулмонларнинг муқаддас диний китоблари қаторида қадимда ва ўзи яшаган даврда мавжуд бўлган бошқа диний эътиқодларнинг ёзма ва оғзаки манбалари, антик давр юнон, рим, форс, сурён, араб, яҳудий, ҳинд, хоразмий, сўғдий, туркий ва бошқа тил ҳамда лаҳжаларда битилган асарлар, оғзаки маълумотларни тўплашга муваффақ бўлган. Бу унинг асарларини нодир фактлар билан бойитиш баробарида, қадим ё яқин ўтмишда яшаган номаълум муаллифлар ёки асарлар ҳақидаги камёб маълумотларни ҳам тақдим этади.

Масалан, “Сайдана” асарида шундай номаълум муаллифлардан 34 таси зикр қилинган. Беруний асарларида ўз даврининг фан соҳалари учун илғор бўлган қатор янги ғоялар берган.

– Абу Райҳон Беруний серқирра олим, беназир аллома эканини бугун бутун дунё эътироф этмоқда, – деди покистонлик олим Имрон Парвезхон. – Айнан унинг тадқиқотлари, бебаҳо асарларига таяниб кўплаб давлатларнинг олимлари ўз илмий изланишларини олиб борганлар. Бунда Абу Райҳон Беруний асарлари муҳим пойдевор вазифасини ўтагани аниқ. Биз ушбу конференция сабаб Ўзбекистондаги янгиланиш жараёнлари билан атрофлича танишдик. Айни пайтда тарихий меросга жуда катта эҳтиром билан муносабатда бўлинаётганига гувоҳ бўлдик.

– Берунийнинг фалсафий қарашлари тадқиқотчи сифатида доим мени қизиқтириб келади, – деди жазоирлик олим Башир Халифи. – Мазкур конференция Абу Райҳон Берунийдек алломанинг нақадар серқирра  олим бўлганини атрофлича очиб бергани билан аҳамиятли бўлди. Мазкур конференция баҳонасида Беруний мероси, унинг илмий изланишларига доир билимларим янада бойиди.

Халқаро конференцияда  Абу Райҳон Беруний ва жаҳон фани, Беруний доришунослиги, Берунийнинг гидрология тарихидаги ўрни, алломанинг ижтимоий-гуманитар фанларга қўшган ҳиссаси каби мавзуларда қизиқарли маърузалар қилинди.

Назокат Усмонова, Муродхон Хўжаев (сурат), ЎзА