10 май. Ўзбек ва жаҳон адабиётида ўзининг ана шундай ўлмас сатрлари ҳамда сермаҳсул ва сермазмун ижоди билан ёрқин из қолдирган ижодкор Ғафур Ғулом таваллуд топган кун. Шоир ҳаёти ва ижоди ҳақида яқиндан танишиш мақсадида Ғафур Ғулом уй-музейига саёҳатга бордик. Бизни у ерда музей директори, шоирнинг қизи Олмос Аҳмедова ва музей ходимлари очиқ чеҳра билан кутиб олди.
Музей илмий ходими Дилафрўз Жалилова бизни саёҳатга бошлади ва қуйидагиларни гапириб берди:
– Ғафур Ғулом уй-музейи 1983 йилда шоир таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан ташкил этилган. Бу уйда Ғафур Ғулом 1944 йилдан 1966 йилгача яшаб ижод этган. Вафотидан сўнг, музей ташкил этилгунга қадар оила аъзолари, фарзандлари яшаган. Ҳозирги кунда эса ҳовлининг бир қисмида Ғафур Ғуломнинг фарзандлари истиқомат қилади. Қолган қисми эса музейга тегишли. Уй-музей икки қисмдан иборат бўлиб, сиз ҳозир музейнинг янги биносида турибсиз. Бу бинода Ғафур Ғуломнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қиладиган адабий экспозиция жойлашган бўлиб, бу бино Ғафур Ғуломнинг 101 йиллиги муносабати билан 2004 йилнинг 10 май куни тантанали равишда очилган…
Мезбонлар ҳамроҳлигида музей экспозицияси билан танишамиз. Бу ердаги экспонатлар шоир ҳаёти ва ижоди ҳақидаги тасаввуримизни янада кенгайтиради.
Ўзбекистон халқ шоири, академик Ғафур Ғулом 1903 йилнинг 10 май куни Тошкент шаҳрининг Қўрғонтеги маҳалласида туғилган. Шоирнинг отаси Ғулом Мирзо Ориф ўғли ўз даврининг саводхон кишиларидан бири бўлган, форс-тожик тилларини яхши билган ва анча-мунча русча сўзлаша олган. Тошкентдаги думахонанинг маҳаллий бўлимида мирзалик қилган. Шаҳарда кишиларга аризалар, турли маълумотномалар ёзиб бериб юрганлиги сабабли унинг исмига «Мирзо» лақаби қўшиб айтилган. Хонадонига машҳур шоир ва хаттотлар келиб турган. Муқимий, Фурқат, Хислат, Тошхўжа Асирий каби шоирлар уларнинг уйига тез-тез ташриф буюришган. Ғафур Ғуломнинг отаси, «Ғулом» ва «Мирзо» тахаллуслари билан талай шеърлар ёзган. Лекин бу шеърлар бир жойга тўпланиб, босилиб чиқмаган. Шоирнинг амакиси Мирзо Абдулла Мирзо Ориф ўғли (отасининг кичик укаси) ҳам шеърлар ёзиб турган. Шеърлари 1913 йилда «Баёзи Мирзо» номи билан Тошкентда «Ғуломия» босмахонасида босилган.
Онаси Тошбиби Шоюсуф ҳам ўзбек, форс-тожик тилларидаги китобларни ўқий оладиган, анча зеҳнли, адабиёт ва шеърият ихлосманди бўлганлиги сабабли халқ термалари вазнида шеърлар айтиб юрган. Ана шундай муҳитда туғилиб ўсган ёш Ғафурнинг адабиётга иштиёқи жуда эрта уйғонган. У 9 ёшида отасидан, 12 ёшида онасидан етим қолган.
А.Навоийнинг «Хамса»си шоирнинг энг севимли асарларидан бири бўлган. Ғафур маълум муддат Тошкентдаги Тиллашайх мадрасасида ўқиган. У эски мактабда ва мадрасада ўқиган вақтларида араб, форс-тожик тилларини мукаммал ўрганган.
Музейдаги «Ғафур Ғулом ижодининг илк даври» деб номланган бўлимда шоирнинг ёзувчилар уюшмаси аъзолари билан тушган суратлари, илк маротаба нашр этилган китоблари ўрин олган. 1923 йилда Ғафур Ғулом ўзининг биринчи «Фелекс болалари» деб номланган шеърини ёзади. Бу шеър ўша даврдаги етим болаларга бағишланган эди.
Музейда Ғафур Ғуломнинг журналистик фаолиятига бағишланган бўлим ҳам бор. Шоир ўз таржимаи ҳолида: «1928 йил 15 сентябрдан бошлаб, «Камбағал деҳқон» газетасида секретар бўлиб хизматга кирдим… Бирор кун йўқ эдики, «Қизил Ўзбекистон»да, «Камбағал деҳқон»да, «Муштум»да ё бошқа журнал, газетада бирор мақола, фельетоним, очерким ё шеърим босилмаса… Ижодим яна-яна янги илҳом билан авж олиб борар эди», деб битади. Бу йилларда Ғафур Ғулом кўплаб очерклар ва мақолалар ёзади.
Ғафур Ғулом Шарқ адабиётининг етук вакиллари: Навоий, Фузулий, Ганжавий, Низомий, Лутфий, Машраб, Бедил, Муқимий, Фурқат, Аваз Ўтар, Ҳамзани ўзига маънавий устоз деб билган, улардан илҳом олган ва улар ҳақида илмий мақолалар ёзиб турган. У шоир, носир, публицист сифатида машҳур бўлиб қолмасдан, балки етук адабиётшунос олим сифатида ҳам танилган. Унинг Навоий, Жомий, Атоий, Машраб, Нодира, Муқимий, Фурқатнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги мақолалари ўзбек мумтоз адабиётини ўрганишга бағишланган нодир намуналардир. Айниқса, Алишер Навоийга бўлган ҳурмати ўзгача бўлган. Унга атаб «Шарқ назми осмонининг икки порлоқ қуёши», «Навоий ва замонамиз», «Хоки Мусалло», «Тахти сафар», «Буюк устоз» каби илмий мақолаларни, «Фарҳод ва Ширин» достонининг насрий баёнини ва «Алишер Навоий қабри устида», «Тун билан тонг», «Алишер» номли шеърларини ёзади.
30-йилларда «Қўқон», «Хитойдан лавҳалар», «Эгалари эгаллаганда» номли поэмалар яратди. Ғафур Ғулом Шекспирнинг бир неча драмаларини, яъни «Отелло», «Қирол Лир»ни ўзбек тилига таржима қилди.
1943 йилда Ғафур Ғулом Ўзбекистон ФА ташкил этилганда биринчилардан бўлиб, академик этиб сайланган.
«Халқ отланди», «Сен етим эмассан», «Кузатиш», «Соғиниш», «Қиш», «Хотин», «Бизнинг кўчада ҳам байрам бўлажак», «Ғолиблар», «Вақт» каби шеърларида шоир ватанпарварлик, меҳнатсеварлик ва ғалабага ишонч каби ғояларни илгари суради. Ғафур Ғулом шеъриятининг энг гултожи ҳисобланган, инсонпарварлик ғоялари тараннум этилган «Сен етим эмассан» шеърини ўқиганда ёки тинглаганда қалблар ларзага келмаслиги, кўзга ёш инмаслиги мумкин эмас.
1942 йилда ҳарбий фронтга жўнатилган ўзбек делегацияси таркибида Ғафур Ғулом ҳам бор эди.
Жаҳон халқларининг адабий хазинасидан ўрин олган «Шум бола» қиссаси Ғафур Ғулом ижодида алоҳида ўрин тутади. Ижодкор ушбу қиссани XX асрнинг 30-йилларида, асосан араб имлосида ёза бошлаган. Асар дастлаб «Довдираш» номи билан 1936 йилда нашр этилган. Кейинчалик ёзувчи уни «Шум бола» деб атаган. Ғафур Ғулом бу қиссани 60-йилларгача қайта ишлаган ва асар ҳозирги биз ўқийдиган ҳолга келтирилган. Қисса рус, тожик, қозоқ, араб, урду, латиш, венгер, румин, грек ва бошқа хорижий тилларга таржима қилинган.
Ғафур Ғулом 1966 йил 10 июль куни вафот этади. Бу нафақат халқимизнинг, балки жаҳон адабий жамоатчилиги учун ҳам катта йўқотиш бўлди.
Ҳар бир воқеликка ҳар бир инсоннинг ўзининг муносабати, фикри, хулосаси бўлганидек, музейдан қайтар чоғимда Ғафур Ғулом ижодида халқ ҳаётининг, инсон ички оламининг турфа манзараларини акс эттира олганига амин бўлдим. У Ватан ва миллат мадҳи, Инсон умри, меҳнати ва тириклигининг ижтимоий асосларини тадқиқ этган, фалсафий умумлашмалар билан бойитган ижодкордир. Унинг улуғлиги ва мангу барҳаётлиги ҳам ана шунда.