АҚШ Украинага кўрсатаётган ёрдам чекланиши ёки камайиши Киевнинг жанговар имкониятига салбий таъсир қилади, деди Оқ уйнинг стратегик алоқалар бўйича мувофиқлаштирувчиси Жон Кирби.

“Молиялаштириш тўхтатилиши ёки сезиларли миқдорда қисқартирилиши Украина муваффақиятига салбий таъсир кўрсатади”, – деди мулозим “MSNBC” телеканалига берган интервьюсида, Конгресс Киевга қўшимча ёрдам бериш масаласида бир тўхтамга келмаётганига изоҳ бераркан.

Кирби АҚШ Киевга кўмак бўйича асосий манба эканини таъкидлаб, қўшимча ёрдам кўрсатиш қарорини иккала партия ҳам қўллаб-қувватлашига ишонишини айтди.

Оқ уй айни мақсад учун Конгрессдан 2023 йил охирги чораги учун 24 миллиард доллар сўраган. Собиқ Президент Дональд Трамп тарафдори, Украинага ёрдам кўрсатишга аввалдан қарши чиқиб келган республикачи Тейлор Грин бу борадаги ҳар қандай қонун лойиҳасига қарши овоз беришга ваъда бермоқда.

Ушбу мавзуда Пентагон ҳам фикр билдирди. Мудофаа вазирининг қурол харид қилиш бўйича ўринбосари Уильям Лаплант таъкидлашича, ҳукумат томонидан Киевни молиялаштириш тўхтатиладиган бўлса, бу ҳолат Украинага берилаётган қуролларни тестдан ўтказишга салбий таъсир кўрсатади.

“Кейинги ҳафта Украина учун мўлжалланган техника тестдан ўтиши керак, агар якуний келишувга эришилмаса, тажриба ўтказилмайди”, – деди Лаплант Стратегик тадқиқотлар марказига берган баёнотида.

Сешанба куни Оқ уй республикачилар тутган позиция АҚШ ҳукумати фаолияти тўхтаб қолишига сабаб бўлиши, яъни “шатдаун” ҳолати юзага келиши мумкин, дея огоҳлантирди. Натижада Американинг бир миллиондан зиёд ҳарбий хизматчиси маошсиз қолади, бу ўз навбатида миллий хавфсизликка путур етказади.

Навбатдаги “шатдаун”га йўл қўймаслик учун Конгресс жорий молиявий йил охири – 1 октябргача мамлакатнинг тўлиқ ёки қисқа муддатли бюджетини қабул қилиши шарт.

С.Раҳимов тайёрлади.

ЎзА