Туркия Республикаси “3+3” минтақавий платформасини фаоллаштиришдан манфаатдор, мазкур форматда олий даражали учрашувни қабул қилиш истагини бир неча бор маълум қилган, деб ёзган “РИА Новости” ушбу мамлакат Президенти маъмурияти манбасига таяниб.
“3+3” платформаси Россия, Туркия, Эрон, Озарбайжон, Грузия ва Арманистон ҳамкорлигини назарда тутади. 2022 йил декабрь ойида Москвада РФ, Озарбайжон, Арманистон ташқи ишлар вазирлари ҳамда Эрон ТИВ бош директори раислигида минтақавий “3+3” платформасининг илк маслаҳатлашув учрашуви бўлиб ўтган эди.
Бироз муддат аввал Грузия гуруҳ тадбирларида иштирок этмаслигини тасдиқлаган.
Ўтган сешанба куни Россия ва Эрон Президентлари Владимир Путин ва Иброҳим Раисий телефон орқали суҳбатлашиб, платформа ишини фаоллаштиришдан манфаатдорликларини таъкидлашди.
– Лойиҳа ташаббускорларидан бири сифатида, шубҳасиз минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаймиз, – деган Туркия раҳбари маъмуриятидаги манба агентликка. – Айни форматдаги ҳамкорлик муваффақиятли кечишига ишонамиз, бунга туркий давлатлар ҳамкорлиги яққол мисол. Бир-бирини ўзаро боғловчи, умумий илдизга эга мамлакатлар муаммоларни биргаликда ҳал қилиб, истиқболли режалар ишлаб чиқмоқда, ўзаро савдо-сотиқни ривожлантирмоқда. Шунинг учун ҳам биз мазкур форматни фаоллаштириш тарафдоримиз ва олий даражадаги учрашувни қабул қилишга тайёрмиз.