Маълумки, парламент палаталари фаолиятига оид қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама қилинмоқда. Ушбу қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган янгиликлар кенг жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлмоқда. Бу борадаги муҳокамаларга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиев муносабат билдириб, муддатидан илгари парламент сайлови бўлиб ўтмаслигини қайд этган:

“Айни пайтда айрим ҳамюртларимизда парламент сайлови муддатига оид ва бошқа мазмундаги саволлар учраб турибди. Аввало айтиш керак, мазкур қонун лойиҳаси билан 14 та қонун (жумладан Сайлов кодекси)га ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши кутилмоқда.

Хўш, бунга қандай зарурат бор эди? Конституциямизга парламент палаталарининг ваколатлари ва ҳуқуқларига оид янги нормалар киритилган эди, лекин бу нормалар тегишли қонун ва қонуности ҳужжатларда мавжуд эмас. Бу борадаги бўшлиқни тўлдириш мақсадида бир гуруҳ депутатлар ўзлари ташаббус кўрсатиб, мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишди ва Палатага киритишди.

Иккинчи энг кўп учраган савол — парламент палаталарининг ўзини ўзи тарқатиб юбориши ҳақидаги норма парламент сайлови муддатидан илгари ўтказилишини англатадими? Йўқ. Қонун лойиҳасида ушбу ваколатнинг белгиланаётгани жорий йилда муддатидан илгари парламент сайлови бўлиб ўтишини англатмайди. Қонун лойиҳаси эндигина масъул қўмита ва фракциялар йиғилишларида концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди. Эртага бўлиб ўтадиган ялпи мажлисда биринчи ўқишда кўрилиб, депутатлар томонидан қабул қилинган тақдирда, қонун лойиҳаси матни жамоатчиликнинг таклиф ва мулоҳазаларини олиш учун Қонунчилик палатасининг сайтига жойлаштирилиши режалаштирилган. Жамоатчилик муҳокамасидаги таклифлар, фикрлар асосида қонун лойиҳаси такомиллаштирилади.

Бундан ташқари, қонун лойиҳалари масъул қўмита, фракциялар, умуман ялпи мажлисда камида яна икки босқичли муҳокамалардан ўтади ва Сенатга маъқуллаш учун юборилади. Сенат маъқуллагач эса Президент имзолайди ва кучга киради.

Қонун ижодкорлигининг ўзига хос жиҳатларига бирма-бир тўхталганимнинг сабаби шундаки, токи бу қонун лойиҳаси парламент палаталари ва Президент томонидан қабул қилиниб, кучга киргунига қадар бўлган оралиқ вақт қисқа эмас, бу эса жорий йилда муддатидан илгари парламент сайлови бўлиб ўтиши мумкинлиги ҳақидаги “башорат”лар ҳақиқатга тўғри келмаслигини яна бир исботлайди”, дея қайд этган Спикер ўринбосари.

Дарҳақиқат, мазкур қонун лойиҳаси парламент палаталарининг фаолиятини тартибга солувчи қонунларни янги таҳрирдаги Конституциямизга мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Уни янада такомиллаштириш мақсадида жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши кўзда тутилган.

 

ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова тайёрлади.