Бишкекда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар иқтисодиёт ва ташқи савдо фаолияти учун масъул вазирлар йиғилиши бошланди, деб хабар беради “Кабар” ахборот агентлиги.

Учрашувда кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастури қоидаларига амал қилиниши масаласи кўриб чиқилмоқа. Тадбир давомида бизнес ва сармоявий шерикликнинг ҳозирги ҳолати ва ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболи юзасидан ҳам фикр алмашилади.

Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазири Дониёр Aмангелдиев анжуманнинг долзарб кун тартиби ШҲТ майдонида савдо-иқтисодий алоқани янада кенгайтириш, сармоявий салоҳиятни ошириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича самарали қарорлар, чора-тадбирлар қабул қилишни тақозо этишига урғу берди.

“ШҲТ мақсадини самарали илгари суриш, узоқ муддатли иқтисодий тараққиётни таъминлаш, жумладан қисқа муддатли инқирозга самарали жавоб бериш нуқтаи назаридан ишни фаоллаштириш муҳим”, деди у.

Озиқ-овқат хавфсизлиги инқирози иқлим ўзгариши, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш бўйича халқаро транспорт йўлаклари фаолияти бузилиши, энергия нархи ошиши билан боғлиқ экани таъкидланди.

Мулоқотда товарларни узлуксиз етказиб бериш учун халқаро транспорт-логистика тизимини такомиллаштириш, рақамли савдо бўйича ҳамкорликни кенгайтириш таклифи ўртага ташланди. Бу келажакда савдо тартиб-қоидасини соддалаштиради.

Иштирокчилар томонидан қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия тежовчи ишлаб чиқариш технологияларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш борасида ҳам аниқ таклифлар билдирилди.

ЎзА