Қўшма Штатлар Марказий Осиёнинг беш республикаси билан ҳамкорликни стратегик жиҳатдан муҳим, деб ҳисоблайди ва алоқаларни ривожлантириш ниятида. Бу ҳақда Давлат департаментининг терроризм билан кураш масаласи бўйича мувофиқлаштирувчиси ўринбосари Грегори Ложерфо баёнот берди.

“Биз Марказий Осиёда бўлганмиз, бу жараённи яна давом эттирамиз. Гап стратегик ҳамжиҳатлик ҳақида кетмоқда”, – деди дипломат Вашингтондаги Америка тадбиркорлари институтидаги чиқишида.

– Бу минтақада Россия ва Хитой бор, – деди у. – Марказий Осиёдаги шерикларимиз бошқа ҳамкорлар қатори шуни билсинларки, биз ишончли шерикмиз.

ТАСС агентлиги хабарида Ложерфо беш республика билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида батафсил гапирмагани, фақат Афғонистон ҳудудидан келадиган таҳдидга қаратилган чегара назорати бўйича ҳамкорликка тўхталгани айтилган.

АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари етакчилари 19 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеяси 78-сессияси доирасида учрашув ўтказган эди.