КХДР етакчиси Ким Чен Ин ХХР Раиси Си Цзиньпинга мурожаат қилиб, икки мамлакат ўртасида муносабат бундан кейин ҳам ривожланишига ишонч билдирди. Бу ҳақда Корея Марказий телеграф агентлиги маълум қилди.
“Икки партия ва икки мамлакат ўртасидаги биродарлик, ҳамкорлик мустаҳкамланишига, КХДР ва ХХР ўртасидаги дўстона муносабат бундан кейин ҳам янги давр талаби, икки халқ орзу-истаги асосида қатъий тараққий этиб бораверишига ишонч билдирилди”, дейилади баёнотда.
Бундан ташқари, Ким Чен Ин Си Цзиньпинга “Хитойнинг ўзига хос социализм қурилиши йўлида партия, ҳукумат ва халқни бошқариш бўйича масъул вазифани бажаришда давомли муваффақият, мустаҳкам саломатлик тилайман”, дея тилак билдирган.
9 сентябрь куни Си Цзиньпин КХДРнинг 75 йиллиги муносабати билан табрик йўллаб, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш учун Пекин Пхеньян билан “стратегик фикрлаш”, шунингдек, ишчан ҳамкорлик муносабатини ривожлантиришга тайёрлиги тўғрисида баёнот берган эди.