Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, атоқли шоира, “Дўстлик” ордени ҳамда “Шуҳрат” медали соҳибаси Фарида Афрўз ижодига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Фарида Афрўз шеъриятида меҳр, самимият, садоқат, поклик, Ватанга муҳаббат авж паллаларда куйланади.

Шоиранинг «Қирқкокиллигим», «Изтироб кўйлаги», «Тунлар исёни», «Кўзим маним…», «Қурбонжон додхоҳ» тарихий драмаси, «Ўзимдан ўзимгача», «Пока есть на земле разлука…», «От Фариды Афруз» (Москва), «Гун айдин» (Истанбул), «Ушшоқ», «Тасбиҳ», “Ўша кун – бугундир” сингари бир қатор  шеърий тўпламлари чоп этилган.

Шеърлари рус, турк, инглиз, немис, француз, форс, уйғур, озор, хитой, корейс тилларига таржима қилинган. Учрашувда Фарида Афрўз шеърларидан намуналар ўқилди. Таниқли композиторлар Рустам Абдуллаев, Ойдин Абдуллаева, Беҳзодбек Турсунбоев мусиқий асарлари ижро этилди.

Учрашув мусиқа ва шеърият кечаси сифатида юқори савияда бўлиб ўтди.

Н.Усмонова, ЎзА