Аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш энг долзарб масала. Зеро, ҳар бир давлатнинг иқтисодий-ижтимоий тараққиёти аҳоли бандлиги ва уларнинг даромади билан бевосита боғлиқ.

Шу йўналишда олиб борилаётган ишлар натижасида ишсизлик даражаси кейинги олти йилда 9,5 фоиздан 8,1 фоизга камайишига эришилди. Бунда 80 дан зиёд фаолият турлари даромад солиғидан озод қилингани, меҳнат бозорида бандликни таъминлашнинг янги инструментлари жорий этилгани муҳим ўрин тутган. Жумладан, 13 турдаги субсидиялар ажратиш амалиёти йўлга қўйилган. 54 турдаги касблар бўйича 59 та касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, 140 та касб-ҳунарга ўқитиш масканлари, 16 та “Ишга марҳамат” мономарказлари ташкил этилган.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан ўтказилган “Аҳоли бандлигини таъминлашнинг самарадорлигини оширишда меҳнат ресурслари балансини шакллантиришнинг аҳамияти: муаммолар ва истиқболдаги режалар” мавзусидаги семинарда қайд этилди.

– Давлатимиз раҳбари бошчилигида аҳолини иш билан таъминлаш борасида қатор амалий ишлар йўлга қўйилмоқда, – деди қўмита раиси Мавлуда Хўжаева. – Аҳоли сонининг йилдан – йилга ошиши, ҳар йили минглаб ёшлар меҳнат бозорига кириб келиши янги иш ўринларини яратишни тақозо этади. Бу борада “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси доирасида ёшларга ер ажратиб берилаётгани, хотин-қизлар ва ёшлар касб – ҳунарга ўқитилаётгани, талабаларга ҳам ишлаш имконияти берилаётгани эътиборга молик. Бандлик йўналишидаги ишлар “Ўзбекистон-2030” стратегиясида ҳам кенг ўрин эгаллаган. Шу асосда бу борадаги ишлар изчил давом эттирилади.

Семинардаги муҳокамаларда бандлик соҳасидаги мавжуд муаммоларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Депутатлар жойлардаги ўрганишлари мобайнида ишсизлар сони тўғрисидаги маҳалладан олинган маълумотлар камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими маълумотларига мос келмаслиги, норасмий бандликнинг улуши юқорилиги, айрим ҳудудларда ишсизлик даражаси юқори эканлигини таъкидлади. Бу борада тегишли мутасаддиларнинг фикрлари тингланди.

М.Комилова, ЎзА