Янги таҳрирдаги Конституциямизга кўра, парламент ва ҳукумат ўртасидаги ваколатлар қайта тақсимланди. Бир-бирини такрорловчи вазифаларга барҳам берилди. Бу эса парламент ва ҳукумат ўртасидаги ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини таъминлашга хизмат қилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда Ёшлар масалалари бўйича комиссияси ҳамкорлигида ташкил этилган илмий-амалий семинарда шулар ҳақида сўз борди.

Семинарда Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов янгиланган Конституциямизда парламентга оид қатор янги нормалар акс этгани, парламент назорати таъсири мустаҳкамлангани, айниқса, парламент ва ҳукуматнинг ваколатлари аниқ белгилаб қўйилганини таъкидлади. Парламент ва ҳукумат фаолиятида жорий этилаётган ўзгаришлар улар ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини янада самарали ташкил қилишни тақозо этиши, бунда унинг илмий асосларини ҳар томонлама ўрганиш, қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этди.

Семинарда депутат Мухтабар Ҳусанова конституциявий ислоҳотлар замирида парламент фаолиятидаги муҳим ўзгаришлар ҳақида маъруза қилди:

— Янгиланган Конституциямизга кўра, парламент қуйи палатаси сиёсий органга айланди. Унинг мутлақ ваколатлари сони 5 тадан 12 тага етди. Ҳукумат устидан назорати ошди. Ҳукуматнинг масъулияти ва жавобгарлиги кучайтирилди. Ҳукуматнинг Олий Мажлисдаги ваколатли вакили институти киритилди. Парламент ва ҳукумат ўртасидаги ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати таъминланди. Умуман, конституциявий ислоҳотлар натижасида парламент палаталарининг мутлақ ваколатлари белгиланди, унинг мамлакатимиз ҳаётидаги ўрни ва роли янада мустаҳкамланди. Парламент ва ҳукумат ўртасидаги муносабатлар ҳамкорлик ва конструктив асосда ташкил этилиши зарур. Бунда фаолиятнинг нозик жиҳатларига жиддий эътибор бериш муҳим. Жумладан, ҳукумат парламентга қонун лойиҳаларини киритишда энг асосий субъект ҳисобланади. Шу боис, парламентга сифатли, ҳар томонлама пишиқ ва пухта тайёрланган қонун лойиҳаларини киритиш лозим, — деди депутат.

Семинарда конституциявий ислоҳотлар замирида парламент фаолиятидаги муҳим ўзгаришлар, парламент ислоҳотларининг ўзига хос жиҳатлари, парламент назорати, қонун ижодкорлиги жараёнида парламент ва ҳукумат ҳамкорлигининг илмий-назарий асослари ва ривожланиш истиқболлари, шунингдек, ҳукумат ва парламент ўртасидаги муносабатлар борасида хорижий тажрибалар хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тошкент давлат юридик университети проректори Аҳрор Ҳошимхонов янги таҳрирдаги Конституциямизда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга субъектлар борасида тўхталди:

— Конституциямизнинг 98-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган фуқаролари Олий Мажлис Қонунчилик палатасига қонун лойиҳаси киритиш ҳуқуқига эга бўлмоқда. Фуқаролар асосан ижтимоий соҳага оид ташаббуслар киритиши мумкин. Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида намоён бўлар экан, мазкур институтнинг жорий этилиши жуда муҳим. Бу фуқароларимизнинг қонун ижодкорлиги жараёнидаги иштироки ортишига ва қонунларнинг амалиётдаги таъсири кучайишига хизмат қилади.

Шунингдек, тадбирда қонун ижодкорлиги жараёнида ёшларнинг иштироки, уларнинг манфаатларини ифода этиш борасидаги амалий ишлар тўғрисида ҳам сўз борди.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА