Суғурта бозори фаолияти бўйича эришилган натижалар бевосита мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан боғлиқ. Негаки, тизимдаги ўзгаришлар ва татбиқ этилаётган янги хизмат турлари унинг иштирокчилари фаолиятида муҳим аҳамият касб этади.

Хўш, бугунги кунда Ўзбекистон суғурта бозори фаолияти қандай ва унинг натижалари нималарда намоён бўлмоқда?

Ушбу саволга Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари Жасур Жалолов қуйидагича жавоб берди:

–Аввало, суғурта, суғурта бозори нима ва унинг иштирокчилари кимлар эканига изоҳ берсак. Суғурта – мол-мулк, соғлиқ ёки ҳаёт, бизнес ва қийматга эга бўлган бошқа йўналишдаги хатарларнинг молиявий ҳимояси. Суғурта бозори эса суғурта хизматлари олди-сотдиси билан боғлиқ иктисодий муносабатлар мажмуи ҳисобланади. Унинг профессионал иштирокчилари – суғурталовчилар, қайта суғурталовчилар, суғурта брокерлари ва агентларидир. Юртимизда амалга ошириладиган кенг камровли ислоҳотлар ва суғурта соҳасида давлат монополиясининг бекор килиниши Суғурта хизматлари бозорининг шаклланиши учун катта қулайлик яратганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Мамлакатимиз суғурта бозорида 40 дан зиёд суғурта ташкилоти фаолият юритади. Улар иқтисодиётнинг турли тармоқларига ихтисослашгани билан ўзига хосдир.

Аҳамиятли жиҳати, суғурта муносабатларида қатнашувчи томонларнинг қонуний манфаатларини ҳимоялаш мақсадида суғурта хизматлари давлат томонидан тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил  23 октябрдаги “Суғурта бозорини рақамлаштириш ва ҳаёт суғуртаси соҳасини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан 2022 йилнинг 1 июлидан бошлаб, барча турдаги суғурта полисларини интернет орқали онлайн харид қилиш имкониятлари яратилиши лозимлиги белгиланган.

Ушбу тизимнинг 2022 йил кўрсаткичларига кўра, жами суғурта мукофотлари ҳажми 6,2 триллион сўмни ташкил этган. Унинг 76 фоизи умумий суғурта, 24 фоизи эса ҳаёт суғуртаси ҳиссасига тўғри келади. Умумий суғурта мукофотларининг 10 фоизи мажбурий суғурта бадаллари ҳисобига шаклланган, қолган 90 фоизи ихтиёрий суғурта мукофотларининг улушидир. 2021 йилда ушбу кўрсаткичлар мос равишда 16 фоиз ва 84 фоизни ташкил этган.

Ушбу рақамлар мамлакатимизда ихтиёрий суғурта класслари оммабоплиги ошиб бораётганидан далолат беради. Шундай бўлса-да, Ўзбекистонда ҳаёт суғуртаси бўйича мукофотлар ҳажми ЯИМ нинг 0,17 фоизини ташкил этади. Бу эса киши бошига ўртача 3,91 доллардан тўғри келишини билдиради. Таққослайдиган бўлсак, бу кўрсаткич Қозоғистонда 31,24 долларга, Туркияда эса 21,85 долларга етади.

Умумий суғурта мукофотлари ҳажми ЯИМ нинг 0,52 фоизини ташкил этади ва киши бошига ўртача 12,1 доллардан тўғри келади. Ушбу кўрсаткич Қозоғистонда 58,5 долларни, Туркияда 119,7 долларни ташкил қилади.

Бахтсиз ҳодисалар ва тиббий суғурта мукофотлари ҳажми ЯИМ нинг 0,01 фоизини ташкил қилади ва киши бошига ўртача 0,28 доллардан тўғри келади. Ушбу кўрсаткич Қозоғистонда 10,1 долларга, Туркияда 24,5 долларга тенг. Бу эса ушбу суғурта классларини ривожлантиришга алоҳида эътибор бериш лозимлигидан далолат беради.

Умумий суғурта бозорида концентрация даражаси юқорилигича қолмоқда. 2012 йилда энг йирик 5 та компаниянинг бозордаги улуши 58,7 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилда 53,6 фоизга пасайди. Лекин мазкур давр мобайнида янги суғурта компанияларининг бозорга кириб келиши туфайли энг йирик 10 та компаниянинг улуши 81,4 фоиздан 72,3 фоизга камайди.

Суғурта полисларини сотишда брокерлар иштироки етарли эмас. Агентлар ва тўғридан-тўғри тарқатиш асосий сотув канали ҳисобланади. 2019-2021 йилларда жами суғурта полисларининг 94 фоизи ушбу каналлар орқали сотилган. Интернет имкониятларининг ривожланиши натижасида суғурта полисларини интернет орқали сотиш ривожланаяпти. 2019 йилда суғурта полисларининг 3 фоизи интернет орқали сотилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 7 фоизгача ошди.

Муҳими, кейинги пайтда суғурта бозори ўз имкониятларини кенгайтирмоқда. Бу эса профессионал иштирокчиларнинг ушбу хизмат бозорида ўз ўрнини ишончли эгаллашида муҳим омил бўлмоқда.

 

ЎзА мухбири  

Насиба Зиёдуллаева  

ёзиб олди