Мустақилликдан олдин яратилган тарих дарсликларида, илмий-тадқиқот марказлари нашрларида, оммавий ахборот воситаларида Туркистон легиони мутлақо ёдга олинмаган, чунки бу ҳақда ёзиш коммунистик партия мафкураси ва совет сиёсатига тўғри келмас эди.
Кейинчалик легион ҳақида элас-элас гап-сўзлар эшитила бошланди. Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ҳузуридаги Фахрийлар кенгаши аъзоси, истеъфодаги полковник, тарихчи Худойберди Соҳибов билан суҳбатимиз айни шу мавзуда.
– Худойберди Соҳибович, марҳамат, сўз сизга!
– Тўғри таъкидладингиз, мустабид замонда бу мавзу “ёпиқ” эди. Туркистон легиони тўғрисида ёзиш тугул, давраларда гапиришга ҳам журъат қилинмасди. Аниқроғи, бунга изн йўқ эди. Ҳолбуки, Туркистон легиони Иккинчи жаҳон уруши даврининг ажралмас таркибий қисми, қолаверса, ҳосиласи эди. Бинобарин, легионни ташкил этиш 1941 йил охирида бошланган. Кейинги йил баҳорда тузилма тўлиқ шаклланиб, фаолиятга киришган.
Тарихий манбаларга кўра, урушнинг дастлабки йилларида ғарбий жабҳада икки миллион туркистонлик аскар хизмат қилган. Уларнинг ярмидан кўпи ўша кезлари асир тушган. Айтганча, туркистонликлар, дейилганда бугунги Марказий Осиё давлатлари халқлари тушунилади. Ташкилот номи қадимий ҳудуд номидан олинган. Ўша пайт минтақа халқлари миллатларга ажратилмас, ҳамма ўзини туркистонлик ҳисоблар ва бундан фахрланарди. Ҳатто, легион байроғи ҳам Туркистон мухторияти замонига мос бўлган.
– Устоз, урушнинг илк йиллари минтақамизнинг кўплаб вакиллари нима сабабдан жанг майдонида пайдо бўлганига тўхталсангиз.
– Аввало, қайд этиш жоиз, Иккинчи жаҳон уруши бошланган кун, яъни немислар Польшага ҳужум қилган 1939 йилнинг 1 сентябрида Совет Иттифоқида умумий мажбурий ҳарбий хизмат жорий қилинади. Бунгача туркистонликларга ишонч билдирилмаган ва улар ҳарб ишига жалб этилмаган. Улар ўша йили 30 ноябрда бошланган Совет Иттифоқи – Финляндия савашида илк бор жангга ташланган. Келгуси баҳорда қирғин тугагач, ватанларига қайтарилмай, “қизил аскарлар” сафида Украина ва Польшада хизматни давом эттириш учун қолдирилган.
Фашистлар Германияси 1941 йил июнда собиқ иттифоққа қарши уруш бошлаши билан аскарлар Ғарбга юборилган. Жангнинг илк кунларидан иттифоқ республикалари, жумладан Ўрта Осиё ва Қозоғистоннинг норғул йигитлари фронтга сафарбар қилинган. Табиийки, улар пухта жанговар тайёргарликдан ўтган, яхши қуролланганлар сафида эмас эди.
Туркия манбаларида 1941-1943 йилларда 4 миллион 487 минг 775 нафар туркистонлик урушга олингани айтилади. Бошқа маълумотномаларда бундан кўпроқ рақам келтирилади. Сирасини айтганда, илк воқеалар синчиклаб ўрганилса, янада қизиқ далил-рақамлар юзага қалқиб чиқади. Мен фақат мавзумизга дахлдор жойига тўхталаман.
Урушда қатнашган йигитларимизнинг аксарияти рус тилини билишмаган, билганлари ҳам “моя-твоя”дан нарига ўтмаган. Боз устига, руслар ўрта осиёликларга унчалик ишонмаган. Ҳатто, урушнинг дастлабки ойлари уларнинг қўлларига ёғоч милтиқ бериб қўйишгани, ҳарбий анжом билан ҳаминқадар таъминлашгани тўғрисида ҳам маълумотлар бор. Шунга қарамай, улар олд фронтга ташланган. Тасаввур қилинг – орқангизда рус зобити, қаршингизда фашист, иккисидан ҳам қочиб қутула олмайсиз. Ё ҳаёт, ё мамот! Туркистонлик аскарлар уруш бошида нима учун немисларга асир тушганининг асл сабаби шунда. Немис халқи ҳисоб-китобни жуда тўғри олади: ўша пайт ҳам келажакка қаралган, стратегик режа тузилиб, туркистонликлардан самарали фойдаланиш кўзланган.
– Англашимча, асирларни бир жойга тўплаш, уларнинг бошини қовуштириш учун Туркистон легиони ташкил этилган экан-да.
– Худди шундай! Урушнинг илк ойлари ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман, тожик ва қорақалпоқ асирлари Варшавадан 18 километр масофадаги Легионово деган жойда, сўнгра Германиянинг Нойгамбург ва Мюнзенген, Украинанинг Ровно шаҳарларидаги лагерларга жойлаштирилган. Кейинги йиллари бундай камплар Европанинг бошқа шаҳарларида ҳам кўплаб очилган.
72 кун яшаган Туркистон мухториятининг аввал ташқи ишлар вазири бўлган, кейин ҳукуматни бошқарган Мустафо Чўқай ва ўтган аср 20-йилларида Германияга ўқишга бориб, ўша жойда қолиб кетган Вали Қаюмхон бу ишга бош бўлади. Улар лагерларга бориб, маҳбуслар билан суҳбатлашади. Туркистон батальонини тузиб, ота-боболаримиздан мерос ҳудудларни қайтариб олиш ниятида эканликларини очиқ айтади. Энг муҳими, ҳарбий асирлар жонини сақлаб қолмоқчи бўлишади. Бу иш ҳар ҳолда самара беради.
Афсуски, айни йўналишдаги саъй-ҳаракат авж ола бошлаганда – 1941 йил 27 декабрда лагерма-лагерь юриб, касаллик юқтириб олган Мустафо Чўқай Берлинда вафот этади. 1942 йил бошида Вали Қаюмхоннинг бевосита интилиши, Вермахтнинг қўллаб-қувватлаши билан Туркистон миллий легиони тузилади ва Вали Қаюмхон раҳбар этиб тайинланади. Легионнинг барча лагерь ва батальонларини немислар бошқарган. Айрим рота ва взводларга легионерлар раҳбар этиб тайинланган эса-да, уларнинг ҳам ўринбосарлари немис бўлган.
Март ойида 1000-1200 кишилик жанговар батальонлар тузилиб, аскарлар, асосан, завод-фабрика ва стратегик иншоотларни қўриқлашга жалб этилган. Шунингдек, улар Италия, Югославия ва Франциядаги партизан урушида қатнашган.
– Шу ўринда нима сабабдан немислар легион ташкил этишга осонгина кўнганига аниқлик киритиб ўтинг…
– Бунинг жавоби жуда оддий. Фашистлар Совет Иттифоқига бостириб киришидан йигирма йиллар аввал “қизиллар”нинг ўзлари ўйлаб топган “босмачилар”га қарши кураш ҳали хотирадан кўтарилмаган, 30-йилларда коллективлаштириш балоси авж олгани, миллатларнинг асл зиёлилари қатағонга учрагани, диний ва миллий камситиш кучайгани оғир асоратлар қолдирган эди.Қолаверса, бугунги минтақамиз мамлакатларига ҳурлик бериш, Германия протекторатида – ҳимояси остида Катта Туркистон давлати тузиш ваъдалари амалга ошадигандек қабул қилинган.
Аслида фашистларнинг учинчи фронт очиш, яъни Ўрта Осиёга Афғонистон орқали кириш ва бу ерда марказий ҳукуматга боғлиқ бутафор – қўғирчоқ ҳукумат тузиш нияти бўлгани тарихий ҳужжатларда ифодасини топган. Бу режа совет қўшинларининг Эронда кўрсатган фаоллиги натижасида барбод бўлган.
– Демак, туркистонлик легионерлар ҳақиқий жангда қатнашмаган бўлиб чиқадими?
– Тўғрироғи, ҳаммаси эмас, бир қисми урушга кирган, холос. Аслида улар бу терс жангга руҳан тайёр бўлган. Фашистларнинг “Иккинчи жаҳон урушида ғолиб чиқсак, Туркистонни сизларга қайтариб берамиз”, деган ваъдасига ишонгани туфайли уларнинг сафида бўлиб, Туркистон озодлиги учун курашишга шай туришган.
Аксарият йигитларимиз Германия фронти ортида, турли ёрдамчи бўлинмаларда хизмат бурчини ўтаган. Артиллерия омборларини қўриқлаш, темир йўл қуришда, таъминот ва сапёрлик ишида машғул бўлишган. Уруш давридаги жами 202 ёрдамчи бўлинманинг 111 тасида туркистонликлар меҳнат қилишган. Натижа кўриниб қолган кейинги бир-бир ярим йил ичида легионерларимизнинг ҳам қараши ўзгаради ва улар ёппасига партизанлар томонига ўта бошлашади.
Мисолларга мурожаат қиламиз. Андижонлик Ғулом Алиев фашистларга асир тушгач, 1942-1944 йиллари легионда хизмат қилади. Ғалаба кунига тўрт кун қолганда, яъни 5 май куни советлар томонидан қўлга олинади. Архив ҳужжатига кўра, тергов жараёнида у қуйидагиларни англатади:
– 1944 йил 25 декабрь – Янги йил арафасида дўстим Исоқжон Нарзиқул билан немисларни уйга таклиф қилиб, зиёфат бердик, роса “водка” ичириб, маст қилдик. Кейин… уларни қўшинга тиздик. Исоқжон билан немислардан фойда йўқлигини англаб, шу йўлни танлаган эдик. Кейин словакларга, полковник Большинский бошчилигидаги партизанлар отрядига қўшилиб, фашистларга қарши кураш олиб борганмиз.
– Миллий Туркистон бирлиги қўмитаси тўғрисида қандай фикрдасиз?
– 1942 йил август ойида ташкил қилинган бу тузилмага Вали Қаюмхон раҳбар этиб тайинланади. Замонавий тилда айтганда, ташкилот мафкура билан шуғулланиб, легионнинг сиёсатини белгилаб берган. Қўмитанинг 15 бўлимида минтақамизнинг маҳбусга айлангунга қадар таниқли бўлган зиёлилари, олимлари ва ижодкорлари ишлаган. Масалан, 25-30 кишидан иборат Миллий ташвиқот бўлими аскарлар орасида сиёсий мавзуда суҳбатлар ўтказган. Саломатлик бўлими шифокорлари ва фидокорлари яраланган аскарлар, ногиронлар дардига малҳам бўлган. Ижтимоий бўлим зиммасига ногиронларга ва адолатсизлик қурбони бўлганларга ёрдам бериш чорасини кўриш вазифаси юкланган эди.
Таъсис этилган “Миллий Туркистон” журналининг илк сони “Бизнинг йўл” шиори остида ўша йил 15 августда нашрдан чиққан. “Янги Туркистон” ҳафталик газетаси эса 1943 йилдан чоп этила бошланган. Уруш охиригача адади 15 мингдан 80 мингга етган. 1945 йил апрелда сўнгги сони тайёрланган.
Яна бир ташкилот – Туркистон миллий ёзувчилар бирлиги атрофига тутқунликдаги шоир-ёзувчилар жамланади. Улар миллий ва адабий мавзуда асарлар ёзиб, чоп эттиради. Чунончи, Фитратнинг беш пардали “Ҳинд инқилобчилари” пьесаси лотин графикасида 1944 йил босилган. Асарга сўзбоши ёзган Аҳмаджон Умархон ўғли Туркистон халқлари кўп йилдан буён рус империализми остида эзилиб келгани, мустақилликка эришиш учун бир неча марта тарихий кураш олиб борилганини уқтиради.
Уруш давомида “Манас” достонининг бир қисми, Абай ва Махтумқулининг шеърий тўпламлари алоҳида китоб шаклида нашр этилади. Шунингдек, 30-йилларда қатағонга учраган туркистонлик шоир, ёзувчилар асарлари ҳам Берлинда дунё юзини кўради.
– Анча жиддий-ку фаолият…
– Андак шошманг, ҳали ҳаммасини айтиб улгурмадим. Ҳар бир зобит ва аскар махсус кийимга эга эди. Кийимнинг ўнг енгида “Туркистон, Аллоҳ биз билан!” ёзуви бор. Аъзоликка қабул қилиш чоғи номзод қўлини Қуръони карим ва икки қилич устига қўйиб қасам ичган. Маросимда Туркистон байроғи бўй чўзиб турган.
Эсингизда бўлса, режиссёр Равиль Ботировнинг 1966 йил экранларга чиққан “26-си отилмасин!” фильмида, Туркистон легионига оид лавҳада “легиончилар” жамоа бўлиб намоз ўқиган эпизод ҳам бор. Советлар замонида бу лавҳа атайин ё билмай, кесиб ташланмаган. Легионда намоз ўқишга рухсат берилгани, диний эркинликка хуруж бўлмаганини шу фильми ҳам тасдиқлайди. Картинани томоша қилган миллионлаб кишилар легион қаҳрамони фаолиятини қўллаб-қувватлаган.
Собиқ асир Ҳусан Икром хотирлашича, Миллий Туркистон бирлик қўмитаси томонидан Қуръони карим ихчам ҳажмда тайёрланиб, барча аскарларга тарқатилган. Ҳайит байрами кенг нишонлангани, ҳатто, Қурбон байрами куни қўйлар сўйилиб, эҳсон қилингани айтилади.
1944 йил июнь ойида Венада Миллий Туркистон бирлиги қўмитасининг 70 кишилик Миллий парламенти тузилиб, гуруҳга ҳар миллатдан икки нафар вакил аъзо бўлиб киради. Ташкилий йиғилишда мингдан ортиқ киши қатнашади. Миллий парламент хорижда миллий ҳукумат ўлароқ қабул қилинади.
Мен тилга олаётган бу воқеаларнинг аксарияти архив ҳужжатларига асосланган. Улар орасида айрим шахсларга ва легион қошида тузилган батальонларга тааллуқли маълумотларни ҳам кўрганман. Қўшинлар немисларнинг махсус хизмати ёрдамида тузилган. Дастлаб “Шарқий батальонлар” пайдо бўлган. 1943 йил эса татарлар, бошқирдлар ва озарбайжонлардан иборат “Темур номидаги Туркистон батальони” шакллантирилган. Бу тузилмалар Францияда Англия-Америка қўшинларига, беларусь партизанларига қарши курашган, кўп йўқотишдан сўнг Лицманштат шаҳрига қайтарилган.
Айрим полклар Белоруссияда “қизиллар”га қарши курашган, бошқалари 1944 йил Чехословакияга, Италиянинг Верона-Падуя туманига жойлаштирилган. 180-200 кишилик “СС” алоҳида дала ротаси разведка мактаби курсантларидан иборат бўлиб, шубҳасиз, улар орасида туркистонликлар ҳам эди.
– Туркистон легиони тўғрисида Вали Қаюмхон, Рўзи Назар ҳам фикр билдирган бўлса керак?
– Легион ҳақида гап очилганда, аввало, Мустафо Чўқай ва Вали Қаюмхон эсланади. 1918 йил Туркистондан қувилган Чўқай минтақа озодлиги учун курашни сўнгги нафасигача тўхтатмаган. У уруш бошланганда Парижда истиқомат қиларди. Туркистонликларнинг асир тушиши унга тинчлик бермасди. Ўтган аср 20-йилларида Германияга ўқишга борган Вали Қаюмхон эса шўролар тазйиқидан чўчиб, ўша мамлакатда қолиб кетади, олий маълумотли бўлиб, жамиятда ўз ўрнини топади.
Икковлон концлагерларда қолаётган туркистонликлар ҳолидан хабар олиб, уларга кўмаклашишга бел боғлайди. Фашистлар бундай ҳамкорликка хайрихоҳлик билдиришади. Суҳбатлар асноси туркистонликлардан иборат батальон тузилиши ва советларга қарши курашга киришиши мумкинлиги айтилади. Фашистлар осон ғалаба қозонишдан умидвор бўлгани боис, аввалига, бу таклифни рад этишади.
Қандайлигидан қатъи назар, Мустафо Чўқай ва Вали Қаюмхоннинг мақсади ота-боболари ҳудудини қайтариб олиш эди. Вали Қаюмхон “Би-Би-Си” ва “Озодлик” радиоларидаги суҳбатида “Асирга тушган ёшлар Европа, қолаверса, фашистлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун ўз мафкурамизни шакллантиришга мажбур бўлганмиз”, деган фикрни билдирган.
Америкада яшаётган 92 ёшли собиқ ҳарбий асир Рўзи Назар 2009 йил 7 март куни “Би-Би-Си” мухбири билан мулоқоти чоғи “Туркистон озодлиги учун биз – легионерлар ҳатто шайтон билан ҳам ҳамкорлик қилишга тайёр эдик”, дейди. У советларнинг Афғонистондаги интервенцияси даврида мужоҳидлар қўлига асир тушган бир неча ўзбек йигитини қутқарган. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистонга келиб турган.
– Туркистон легиони ташкил этилгач, генерал Власов тутқунлар ва қочоқлардан иборат армия тузади. Фашистлар эса икки легион қўшилишига монелик билдирмайди. Шундай эмасми?
– Немисларнинг бир неча ойда СССРни босиб олиш бўйича “Барбаросса” режаси барбод бўлгач, асирлар орасидан большевикларга қарши курашни бошқарадиган “номзод” қидирила бошлайди. Таъбир жоиз бўлса, сопини ўзидан чиқармоқчи бўлишади.
Қарангки, 1942 йил ёзида фашистлар қуршовида қолган совет армияси генерали Андрей Власов немисларга таслим бўлади ва уларнинг шартига розилик билдиради. У ораларида, ҳатто, икки нафар генерал бўлган бир миллионга яқин аскарни тўплаб, ўз армиясини тузади. Шу жараёнда Туркистон легионини ҳам қўшиб олиш пайида бўлади. Мурод-мақсади бутунлай бошқа легиончилар эса бу таклифга кўнмайди. 1944 йил туркистонликлар Миллий парламенти йиғилишида қатнашган 400 делегат бир овоздан Власов қўшинига қўшилишга қарши овоз беради. Вали Қаюмхон эса октябрь ойида нацист раҳбарлардан бири – Гиммлерга ёзма мурожаат қилиб, Туркистон легионининг рус асирларидан иборат армияга қўшилишга розилик бермасликни сўрайди.
1945 йил баҳорида Власовга жанг қилиш учун рухсат берилади. У 12 майда Германия капитуляциясидан кейин Америка оккупация қилган ҳудудга ўтиш чоғида қўлга олинади.
Агар иккала гуруҳ фаолияти солиштирилса, Власов қўшини ғирт сотқин бўлиб чиқади, туркистончилар эса фашистларга хизмат қилган бўлса-да, уларнинг асл ғоясини ҳимоя қилмаган.
– Туркистон легиони тақдири нима билан тугади?
– Иттифоқдош давлатлар – Америка, Буюк Британия ва собиқ СССР етакчилари 1945 йил февралда Ялтада тўпланади. Бутун дунё тарихида муҳим роль ўйнаган ушбу конференция ишидан ва натижасидан кўпчилик воқиф. Бинобарин, ушбу анжуманнинг жуда муҳим аҳамиятга эга яна бир қароридан омма бехабар бўлса керак, деб ўйлайман.
Йиғилиш иштирокчилари ҳар бир мамлакат урушда асир тушган ватандошларини қайтариб олишга ҳақли, деган тўхтамга келишади. Бу ғарблик асирлар учун қувонарли воқеа, бироқ Совет Иттифоқидан Германияга асир тушганлар учун ўлим билан баробар эди.
Орадан кўп ўтмай, АҚШ, Буюк Британия ва Франция армияси ўз қўлида ушлаб турилган туркистонлик ва бошқа миллат тутқунларини мажбуран СССРга қайтара бошлайди. Германияда ўз легионини яратиб, “қизиллар”га қарши курашган 200 мингдан ортиқ туркистонлик ва ўзга миллат асирлари бунга қарши чиқади. Иттифоқдош давлатларнинг зобит ва аскарлари, айниқса, рус зобитлари немислар сафида Қизил армияга қарши курашган асирларни тутиб, советларга таслим этадилар. Маҳбуслар пешма-пеш вагонларда собиқ Иттифоққа жўнатилади.
– Узр, “асирларни тутиш” нималигини тушунмадим…
– 1943 йил апрелда ҳар бири мустақил Ҳарбий денгиз флоти, Мудофаа ҳамда Ички ишлар комиссарликларининг “СМЕРШ” – “Смерть шпионам” (“Жосусларга ўлим”) контрразведка бўлинмалари тузилган. Тузилмалар уч йил давомида сотқинлар, Ватанга хиёнат қилганлар, ҳарбий қисмни ташлаб қочганлар устидан иш олиб борган. Шу тариқа салкам 630 минг “жиноятчи” аниқланиб, қамоққа ташланган. Маҳбусларнинг бир қисми йўлда ёки манзилга етиб боргач, отиб ўлдирилган, қолганлари Сибирга сургун қилинган. Бундай даҳшатли фожиадан огоҳ топган бошқа асирлар ўз жонига қасд қилишни афзал кўрган.
СМЕРШ вазифасини бажариш жараёнида кўп ҳийла-найранг ишлатган. Бундай қабиҳлик совет киноларида фахр билан муҳрланган. Асирлар “Сизлар ота-онангиз бағрига қайтасиз, фарзандларингиз билан дийдорлашасиз” қабилидаги алдов билан кемага чиқарилади. Сиғмаганлар афсус-надомат чекиб, дўстларига қўл силтаб қолади. Кема эса кўздан ғойиб бўлар-бўлмас, портлатиб юборилади…
Советларнинг зулмкорлигини билган иттифоқдошлар 1945 йил ноябрь ойида асирларни қайтармаслик ташаббуси билан чиқади, аммо энди кеч эди, такрор-такрор огоҳлантиришга ҳеч ким қулоқ солмайди. Легиончи Эргаш Шермат Булоқбоши Туркия матбуотига берган интервьюларидан бирида урушда тирик қолган туркистонликлар бошига оғир кулфатлар тушгани ҳақида гапирганини ўқиганман.
Ўшанда туркистонликлар олдида икки йўл бор эди – ё русларнинг қўлига тушмаслик чорасини кўриш, ё Қочқинлар бўйича бошқарма лагерига бориб жойлашиш. Афсуски, ҳар икки йўлдаги уриниш ҳам натижа бермайди. Ялта конференцияси қарори муқаддас ҳисобланиб, қатор давлатлар мурожаати рад этилади. Қизил ярим ой жамияти ҳам кўмакка тайёрлигини билдирса-да, амалда бунинг имкони йўқ эди.
Алқисса, тахминан 70 минг туркистонлик советларга таслим этилади. Урушдан сўнг 80-100 минглаб туркистонлик Германия ва Европанинг бошқа мамлакатларида яшаб қолади. Уларнинг бир қисми Туркияга, кейинчалик Америкага кетади. Шундай қилиб, мингларча ота-оналар фарзандларидан айрилади, аёллар тул, фарзандлар етим бўлиб қолади.
– Туркистон легионидан қочиб, Ватанга қайтганлар ҳақида маълумотлар борми?
– Албатта, бор! Юқорида эслатганимдек, уларнинг баъзилари мажбурлаб юртга олиб келинган, айримлари ўз ихтиёри билан киндик қони томган жойга қайтган. Аксариятининг асир тушгани исботланмаган, аммо орадан йиллар ўтиб, турли воқеа-ҳодиса туфайли бошига ташвиш ёғилганлари, арзимаган баҳона билан ҳамқишлоқлари туҳматига учраганлари ҳам бор. Баъзилар ўзаро келишолмай қолса, рақибига “Фалончи сотқин бўлган, урушда душман томонга ўтиб, советларга қарши жанг қилган”, деган маломат ёғдирган. Қарабсизки, унинг устидан тергов олиб борилиб, узоқ муддатга қамалган ёки Сибирга сургун қилинган.
1956 йил 17 сентябрда СССР Олий Кенгаши Президиумининг “1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан уруши даврида оккупантлар билан ҳамкорлик қилган совет фуқароларини амнистия қилиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Совет армияси ва флотининг Жиноят кодексининг 193-(жанг майдонидан қочиш ва асирга тушиш) ва 58-1 “б” (Ватанга хиёнат, душман тарафга ўтиб кетиш) моддалари билан судланган барча ҳарбий хизматчилар афв қилинди…
– Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ Нюрнберг суди воқеасига ҳам бирров тўхталсангиз…
– Бу жараён нацистлар Германиясининг бир неча ҳарбий жиноятчиси устидан ўтказилган илк суд ишидир. Илгари нацистлар партиясининг съездлари шу ерда чақирилгани сабабли атайин танланган Нюрнберг шаҳрининг Адлия саройида бўлиб ўтгани учун тарихга шу ном билан кирган.
Суд немис, рус, француз ва инглиз тилларида олиб борилади. АҚШ таклифига биноан, маҳкамада янги усул – синхрон таржима қўлланади. Пировардида 24 нафар асосий айбланувчининг тенг ярми ўлимга лойиқ кўрилади, 3 нафари умрбод, қолганлари турли муддатга қамалади. Умуман, якунда 24 киши ўлим, 118 киши қамоқ жазосига ҳукм қилинади, 35 нафар айбланувчи оқланади. Оқланганлар орасида Вали Қаюмхон ҳам бор эди. У икки йил қамоқда сақланади. Туркистон легионининг эса на советларга, на немисларга қарши урушда қатнашгани исботланмайди…
Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон урушида иштироки тўғрисидаги янги маълумотларда илк бор дом-дараксиз йўқолган 158 минг киши номи келтирилади. Эҳтимол, улар орасида легиончилар ҳам бордир…
– Бугунги кунда Туркистон легиони қатнашчилари ҳақида хабар борми?
– Бугунги суҳбатимизда туркиялик тадқиқотчи журналист, асли туркистонлик, Ўзбекистоннинг дўсти Чағатой Кўчар тақдим этган маълумотлардан ҳам фойдаландим. Унинг бизга айтишича, шу йил апрель ойида юз ёшни қоралаган сўнгги легиончи Мажид Бей Америкада вафот этган.
– Шўролар замонида Туркистон легионига муносабат қандай бўлгани ўз-ўзидан аён. Мустақиллик йилларида-чи, бу борада ўзгариш сезилдими?
– Бошда таъкидлаганимдек, легион ҳақида қисман мақолалар бериш бошланди. Ҳатто, тарихга оид китобларда ҳам, оз бўлса-да, маълумот учрайди. Хусусан, заҳматкаш тарихчи, профессор Рустамбек Шамсутдинов айни мавзуга оид чиқишлар қилди.
2000 йил “Шарқ” нашриёт-матбаа концернида чоп этилган “Ўзбекистоннинг янги тарихи” туркумидаги иккинчи “Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида” китобида 1942 йил Туркистон миллий қўмитаси ташкил этилгани, Вали Қаюмхон ташкилот президенти этиб тайинлангани ҳақида батафсил маълумот бор. Легионнинг вазифаси, бажарган иши ҳақида сўз юритилган. Суҳбатимизни ушбу асардан қуйидаги парча билан якунламоқчиман:
“…Легионерларга ижтимоий-сиёсий баҳо бериш ҳам мураккаблигича қолмоқда. Совет тарихшунослигида улар бир хил – халқ “сотқинлари”, дея таърифланган. Ғарб тарихшунослигида ва кейинги вақтлари бизнинг матбуотимизда эса “кўнгиллилар” – мустабид тузумга қарши ғоявий курашчилар, немис армияси ёрдамида сталинча зулмдан мамлакатни озод қилиш учун қуролли кураш олиб боришга тайёр турган кишилар эди, деб баҳоланмоқда. Умуман, “Туркистон легиони” масаласида турфа фикр мавжуд. Мавзуни чуқур ўрганиш ва холисона баҳолаш тарихчи олимлар олдида турган муҳим вазифадир”.
– Худойберди Соҳибович, далил ва рақамларга бой мазмунли суҳбат учун ташаккур!
Аброр ҒУЛОМОВ суҳбатлашди.
ЎзА