Қозоғистон Республикасининг Байконур шаҳрида ракетамодель спорти бўйича “Байконур космодроми кубоги” очиқ халқаро мусобақаси ва “Коркит-Ата” жаҳон кубоги бўлиб ўтди.
Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон терма жамоаларидан 200 нафарга яқин спортчи иштирок этган ушбу мусобақаларда Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти спортчиларидан иборат миллий терма жамоа мамлакатимиз шаънини муносиб ҳимоя қилди.
Беллашувларда турли мамлакатлардан келган моҳир спортчилар ўзлари томонидан яратилган ракета моделлари ва уларнинг очиқ осмонда парвоз қилиш имкониятларини намоён этдилар.
Ҳар икки мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси биринчи ўринни қўлга киритиб, ташкилотчилар ва бутун дунё ракетамодель спорти ихлосмандлари олқишларига сазовор бўлди. Спортчиларимиз мусобақаларда 6 та олтин, 7 та кумуш ва 5 та бронза медаллари билан қайтишди.
Эслатиб ўтамиз, ташкилот спортчилари ўтган йили Байконур шаҳрида спортнинг ракетамодель тури бўйича ўтказилган “Байконур кубоги – 2022” халқаро мусобақасида ҳам умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган эди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА