Яна икки кундан кейин, 23 сентябрь куни тантанали суратда ўтказиладиган XIX Осиё ўйинларининг очилиш маросимида пиротехника воситаларидан фойдаланилмайди.

Мазкур йирик анжуман углерод чиқиндисидан холи бўлиши учун тоза электр энергияси ва илғор технологиядан фойдаланиш кўзда тутилган, дейилади ташкилий қўмита хабарида. Хитой аксарият байрамлар, жумладан, 2008 йил ёзги Олимпиада, 2022 йил қишки Олимпия ўйинларида мушак ва бошқа хил пиротехник унсурлардан фойдаланган. Ханчжоу – 2022 бундан мустасно.

Ушбу спорт байрамининг яна бир ўзига хос хусусияти шундаки, томошабинлар, хорижлик меҳмонлар, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўлларда, ҳудудларда юқори аниқликда ишлайдиган камера, лазер-радар ва жойни аниқлаш тизими билан жиҳозланган ҳайдовчисиз транспорт воситалари ишлайди. Автобуслар тезлиги 50 км/соатдан ошмайди.

Жойларда сувни қайта ишлаш тизими жорий қилинади, томошабинлар учун қулай технологик муҳит яратилади. – Унутилмас спорт ва маданият тадбири уюштириш, тайёргарлик жараёнига инновацион технологияни жорий қилиш учун рақамли иқтисодиёт билан боғлиқ афзалликлардан тўлиқ фойдаланилди, – дейди “Ханчжоу – 2022” ижрочи бош котиби Чен Вейцян.

 

Т.Рўзиев, ЎзА