Шу йил 18-19 сентябрь кунлари Париж шаҳрида Франция соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича бизнес ва инновациялар форуми бўлиб ўтди.
Иккинчи бор ўтказилган ушбу нуфузли халқаро тадбир Франция ва хорижий мамлакатлар соғлиқни сақлаш ташкилотлари ўртасида самарали ҳамкорлик ўрнатиш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилди.
Дунёнинг 30 дан ортиқ давлатларидан келган 300 дан зиёд тиббиёт соҳаси вакиллари қатнашган мазкур форумда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари, соҳа олий ўқув юртлари раҳбарларидан иборат мамлакатимиз делегацияси ҳам фаол иштирок этди. Вазирлик матбуот хизмати тадбир тафсилотлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Таъкидланишича, анжуман доирасида вакилларимиз Франциянинг саноат корхоналари, клиникалари, олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, консалтинг фирмалари ва тиббий сервис компаниялари вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказган.
Музокаралар давомида тиббиётни ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш тизими ва тиббий таълимни такомиллаштириш, тиббий асбоб-ускуналар ва буюмлар етказиб бериш, соҳани рақамлаштириш, фармацевтика, йўналишларида ҳамкорлик қилиш бўйича 10 дан ортиқ меморандум ва шартномалар имзоланди.
Шунингдек, делегациямиз аъзолари Франция соғлиқни сақлаш ва профилактика вазирлигининг Европа ва халқаро ишлар департаменти директори ўринбосари Жером Вайнбах билан ҳам мулоқот қилди.
Суҳбат чоғида икки мамлакат вазирликлари ўртасида аввал эришилган келишувларнинг ижроси, мамлакатимизда Ўзбекистон – Франция соғлиқни сақлаш ҳафталигини ўтказиш каби қатор масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
М.Қосимова, ЎзА