Ўзбекистонда Жанубий Корея билан биргаликда “яшил” энергетика, рақамли технологиялар, машинасозлик, кимё саноати, электротехника ва тўқимачилик тармоқлари, инфратузилмавий ривожланиш, шаҳарсозлик ва бошқа кўплаб йўналишларда истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Кореядан Ўзбекистонга киритилган инвестициялар ҳажми 7  миллиард  АҚШ долларидан ошди.

Мамлакатимизда Корея билан қарийб мингта қўшма корхона фаолият юритмоқда.

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги, Корея Эксимбанки ва унинг жамғармалари билан самарали ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг умумий портфели 3 миллиард доллардан зиёдни ташкил этади.

Бу Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоеванинг Корея Республикаси Бош вазири Хан Док Су билан учрашувида қайд этилди.

Мулоқотда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ҳамкорлиги, жумладан, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва ижтимоий соҳалардаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Иқтисодий ривожланиш бўйича ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) билан биргаликда тиббиёт ва фармацевтика кластерини ташкил этиш, электроника маҳсулотлари ва ярим ўтказгичлар ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон – Корея кластерини яратиш ва бошқа лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Корея Республикаси Бош вазири барча долзарб йўналишлар бўйича икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича янги конструктив таклифларни фаол ишлаб чиқиш тарафдори эканини таъкидлади.

Учрашув якунлари бўйича қамрови жиҳатидан кенгайиб бораётган икки томонлама мулоқотни амалий мазмун билан янада бойитишга келишиб олинди.

 

Н.Абдураимова, ЎзА