Жорий йилнинг 18 сентябрь куни Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Россия Федерацияси ҳукумати раиси Михаил Мишустин бошчилигида Ўзбекистон ва Россия ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг IV йиғилиши ўтказилди.

Унда икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик тўғрисида, хусусан, “Рус фасллари” халқаро маданий лойиҳаси ҳамда Тошкент шаҳрида Бутунроссия давлат кинематография институти филиали фаолияти ҳақида ҳам сўз борди.

Тошкент шаҳридаги Бутунроссия давлат кинематография университети филиали директори Элдор Йўлдошев ушбу йиғилишда филиал фаолиятининг юқори баҳоланганини қайд этди.

– Йиғилишда Абдулла Арипов филиалда маҳорат дарслари муваффақиятли ўтказилаётганини таъкидлади. Жорий йилнинг 29 сентябрь – 2 октябрь кунлари ўтказиладиган “Ипак йўли дурдонаси” XV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида БДКИ филиалида амалий маҳорат дарси анъанавий тарзда бўлиб ўтади. Кинофестивалнинг маърифий дастурида Россия Федерацияси халқ артисти Владимир Хотиненко, Россия Федерацияси халқ артисти Алексей Учитель, кинорежиссёр Александр Котт, санъатшунослик фанлари номзоди, оператор Татьяна Яковлева, продюсер Ренат Давлетяров ва “Анимация ва мультимедиа” факультети декани Элена Яременколар иштирок этади. Таъкидлаш керакки, БДКИ ўзбек киносини ривожлантиришда катта аҳамият касб этувчи асосий хорижий олий таълим муассаси ҳисобланади. БДКИ ректори, “Дўстлик” ордени соҳиби Владимир Малышев ўзининг “Ўзбекистон кинематографияси ва БДКИ” номли китобида биринчи ўзбек фильмлари БДКИ ўқитувчиси Н.Кладко ва А.Гинзбург туфайли яратилганини қайд этади. Ишончимиз комилки, БДКИнинг Ўзбекистондаги мазкур фаолияти ўзбек киноси учун профессионал кадрлар тайёрлашнинг кейинги жараёнига ижобий таъсир кўрсатади,– деди Э.Йўлдошев.

 

Н.Зиёдуллаева,  

ЎзА