Яқин йилларгача тиббиёт техникаларини ишлаб чиқаришни фармацевтика соҳаси ва бу йўналишда ишлаётган тадбиркорларга ҳам фармацевтика ходимлари сифатида қаралар эди. Ҳозирга келиб эса тиббиёт техникаларини ишлаб чиқариш алоҳида соҳа этиб белгиланди. Муҳими, бунинг учун кенг майдон яратилди.

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида очилган “UzMedExpo-2023” Халқаро тиббиёт кўргазмасида шу каби ислоҳотлар эътироф этилди. Мамлакатимизда фармацевтика саноатини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, сўнги йилларда фармацевтика саноати соҳасида салмоқли натижаларга эришилмоқда. Ўзбекистоннинг фармацевтика бозори ўсиш динамикаси бўйича МДҲ минтақасида энг тез ривожланаётган бозорлар қаторига кирди.

Ўтган 8 ойда 41 минг нафар хориж фуқароларининг даволаниш мақсадида юртимизга келгани, нафақат миллий тиббиётимиз, балки тиббиёт туризми ривожланаётганидан далолатдир.

Мазкур кўргазмадан ўрин олган тиббий асбоб-ускуналар, лаборатория ускуналари, фармацевтика, стоматологиядан ташқари тиббий туризм, гўзаллик ва соғлиқ бўлимлари ҳам иштирокчилар эътиборини тортди.

Маҳаллий ҳамда хорижий ишлаб чиқариш ва дистрибьюторлик компаниялари вакиллари иштирок этаётган ушбу “UzMedExpo-2023” Халқаро тиббиёт кўргазмаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Савдо-саноат палатаси, “Дори-дармон” АК ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилмоқда.

Кўргазма 21-22 сентябрь кунлари ҳам давом этади. 

Моҳигул Қосимова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА