Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Бош Ассамблея йиғилишида БМТ раҳбарлигида Марказий Осиё ва минтақага қўшни ҳудудларда хавфсизлик бўйича йиғилиш формати яратиш ташаббуси билан чиқди.

Айтиш жоиз, бу ғоянинг мақсади минтақамиз барқарор, тўқнашувларсиз ривожланишини таъминлаш мақсадида Марказий Осиё ва жаҳон ҳамжамияти, халқаро ташкилотлар, молиявий ва иқтисодий институтлар янада яқинлашиши, саъй-ҳаракатлар мувофиқлашишига йўналтирилган ёндашув ва ечимлар ишлаб чиқишдан иборат бўлади. Президент 2024 йил биринчи йиғилишни ўтказиш учун мамлакати тайёрлигини тасдиқлади.

С.Бердимуҳамедов минтақавий экологик муаммоларга янада жиддийроқ эътибор қаратишни сўради, Ашхободда ихтисослаштирилган тузилма – Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича минтақавий технология марказини ташкил этиш ташаббусини ҳам илгари сурди.

Бундан ташқари, БМТ билан яқин ҳамкорликда “Каспий экологик ташаббуси”ни яратиш таклифини билдирди. Мазкур ташкилот Каспий денгизи ҳудудида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, денгиз биологик ресурсини сақлаш, қатор долзарб экологик муаммоларни ҳал этиш билан боғлиқ кенг доирадаги масалалар бўйича профессионал ҳамкорлик қилиш учун халқаро майдонга айланиши мумкин.

Г.Абдуллаева,

ЎзА