Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясидаги нутқида глобал озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосига алоҳида тўхталди. У мамлакати озиқ-овқат таъминотида минтақавий марказ сифатида иштирок этишга тайёрлигини маълум қилди.

– Бу мақсад учун бизда барча зарур ресурс, инфратузилма ва логистика мавжуд, – таъкидлади Тоқаев. – Қозоғистон Осиё ва Европа ўртасида қуруқликдаги транзит ташувнинг 80 фоизи учун ишончли занжир ҳисобланади.

Қўшни давлат етакчиси Шарқ ва Ғарб алоқасини сезиларли даражада мустаҳкамлаши, энг муҳим бозорлар орасида савдо суръатини ошириши мумкин бўлган “Ўрта йўлак” деб аталувчи Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш ғояси ҳақида ҳам гапирди. Шу билан бирга глобал институтлар тизимини барқарорлаштириш зарурлигини қўшимча қилиб, халқаро ҳамжамият олдида турган муаммоларни БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги кенг қамровли ислоҳотларсиз ҳал қилишнинг иложи йўқлигини эслатди.
Қ-Ж.Тоқаевнинг фикрича, кенгашда барча ривожланаётган мамлакатлар қатори “ўрта давлатлар” овози ҳам тингланиши керак. Мамлакат қуролсизланиш ва қурол тарқатмасликка қаратилган янги механизмлар ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлайди:

– 2045 йилга қадар ядро қуролидан тўлиқ воз кечиш бўйича стратегик режа ҳозирги авлод етакчиларининг глобал хавфсизликка қўшган энг муҳим ҳиссаси бўлиши мумкин!

Г.Абдуллаева, ЎзА