Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева соҳага тегишли маълумотларни тақдим этди.

Қайд этилишича, ҳар бир ташкилотда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни тарғиб қилиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, гендер тенгликка эришиш масалаларига жамоатчилик эътиборини кенг жалб этиш мақсадида жорий йил октябрь-декабрь ойларида “Гендер тенглик фаоли” миллий танлови ўтказилади.

Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этиладиган танловда  “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол давлат органи”, “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳокимлик”, “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол нодавлат нотижорат ташкилоти”,  “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол тадбиркорлик субъекти” номли 4 та асосий номинация назарда тутилган.

Шу билан бирга, “Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган энг яхши ТВ-дастур”, “Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган интернетдаги энг яхши веб-сайт ёки портал”, “Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган энг яхши нашр” номли 3 та қўшимча номинация ҳам мавжуд.

Танлов биринчи туман (шаҳар), иккинчи – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда учинчи – республика босқичида ўтказилади.

Шунингдек, Давлат дастурига мувофиқ, “Илмли аёл — жамият кўзгуси” шиори остида “XXI аср аёли” хотин-қизлар фестивалини ўтказиш юзасидан 2023 йилнинг 31 июль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 37-мажлис баёни ижрога қаратилди.

Фестиваль доирасида ўтказиладиган танловлар ва спорт мусобақаларини тизимли ва самарали ташкил этиш бўйича услубий тавсиялар ва намунавий сценарийлар ишлаб чиқилиб, жойлардаги ташкилий қўмиталар ҳамда ишчи гуруҳларга етказилди. Фестиваль доирасида барча ҳудудларда ўтказиладиган  тадбирлар  ва  хотин-қизлар ўртасида ўтказилаётган “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” танловига  старт берилди.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси  ва Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан жорий йил 24-31 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида  “XXI аср аёли” республика фестивали ва миллий ва хорижий етакчи олима аёллар иштирокида “Илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришда хотин-қизларнинг ўрни” мавзусидаги халқаро форум ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА