Япония Бош вазири Фумио Кисида БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида сўзга чиқиб, ядровий ракетага эга мамлакатлар етакчиларини ядро қуролисиз дунё учун саъй-ҳаракатни кучайтиришга чақирди.
– Япония “Хиросима назари” номли ҳужжатда қайд этилган натижага асосланиб, дунёни ядро қуролидан холи қилиш учун саъй-ҳаракатни давом эттиради, – дея таъкидлаган Япония ҳукумати раҳбари. – Мен ядро аслаҳасига эга мамлакатлар ҳамда бошқа давлатлар раҳбарларини ядровий қуролсизланиш, бундай қуролларни тарқатмаслик йўлидаги саъй-ҳаракатни кучайтиришга чақираман. Ядровий мамлакатларни ядросиз дунё яратиш жараёнига жалб қилиш мақсадга эришишда муҳим аҳамият касб этади.
Кисида таъкидлашича, ядро қуролидан қутулишга қаратилган турли даражадаги саъй-ҳаракатни амалга ошириш учун шароит яратиш фавқулодда муҳим.
Шу йил май ойида Хиросимада бўлиб ўтган “Катта еттилик” саммитида қатнашган давлатлар раҳбарлари ядро қуролидан халос бўлиш мақсадида имзолаган “Хиросима назарида”, номли ҳужжатда ядро қуролисиз дунё яратиш тамойилига содиқлик таъкидлаган.