Қирғизистон Марказий Осиёда АҚШ бизнеси кенгайтирилиши тарафдори, деди Президент Садир Жапаров Нью-Йоркда бўлиб ўтган Марказий Осиё ва АҚШ давлат раҳбарлари илк саммитида.
– Биз хорижий шериклар, жумладан Америка бизнеси иштирокини мамлакатимиз ҳамда минтақамизда кенгайтирилиши тарафдоримиз, – деди у. – “Яшил” иқтисодиёт, гидроэнергетика, Ахборот технологиялари, бандлик, таълим каби муҳим соҳаларда кенг кўламли ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрмиз. Инфратузилма, саноат, қишлоқ хўжалиги, ирригация, транспорт-логистика тизимида қатор лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Жапаров таъкидлашича, Қўшма Штатлар билан ҳамкорлик, жумладан С5+1 формати доирасида иш олиб бориш мамлакат ташқи сиёсатидаги муҳим йўналиш ҳисобланади.
Аниқлик киритилишича, Қирғизистон келгусида ҳам АҚШ билан икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ниятида.Садир Жапаров ўз чиқишида Нью-Йоркдаги учрашув Марказий Осиё давлатлари билан АҚШ ўртасидаги ҳар томонлама манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш учун муҳим туртки бўлишини таъкидлади, дейилади Президент матбуот хизмати тарқатган хабарда.