Давлатимиз раҳбарининг “Аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш бўйича спорт синовларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида аҳолининг барча қатламлари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш орқали уларнинг жисмоний қобилияти ва ҳаракат фаоллигини такомиллаштириш, меҳнатга лаёқатини ошириш, зарарли одатлар ҳамда турли касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш мақсадида спорт синовларини ўтказиш белгиланган.
Қарорга асосан 11 та ёш тоифаси бўйича ҳар йили январь — декабрь ойларида 6 та босқичдан иборат аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш бўйича спорт синовларини ташкил этиш ва ўтказиш режага киритилган.
Мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, 20 сентябрдан Тошкент шаҳар, Миробод туманидаги 1-сонли Спорт мактабида мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган вазирлик, идора ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимлардан “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари қабул қилиш жараёни бошланади. Режага кўра, ушбу тадбирлар 22 сентябрга қадар ихтиёрий тарзда давом этади.
“Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман ҳокимликларида 23 сентябрь куни ўтказилиши белгиланган.
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги хабарига кўра, спорт синовларини топширишда 27 та вазирлик, идора ва ташкилот ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда 207 та туман (шаҳар) ҳокимликлари ходимлари қатнашиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари ихтиёрий талаблар асосида ташкил этилади.
Т.Рўзиев, ЎзА