Ҳар йили Нью-Йоркда 190 дан зиёд давлат етакчиларини бирлаштирадиган БМТ Бош Aссамблеяси йиғилишида тарих ривожига сезиларли таъсир кўрсатган кўплаб қарорлар қабул қилинади.

Ташкилот низомига мувофиқ, 1945 йил ташкил этилган асосий маслаҳатчи, қарор қабул қилувчи ва вакиллик органи ҳисобланган Бош Aссамблея сессияларида вақти-вақти билан унутилмас ва ҳатто, ғайриоддий воқеалар ҳам содир бўлиб туради. Баъзан БМТ минбаридан қарама-қарши баёнотлар эшитилиб, 15 дақиқага белгиланган нутқлар бир неча соат давом этиши мумкин.

Куба етакчиси Фидель Кастро 1960 йил 26 сентябрда БМТ тарихидаги энг узун – 4 соат 29 дақиқалик маъруза қилган.

2006 йил Бош Aссамблеяда сўзлаган Венесуэланинг ўша пайтдаги Президенти Уго Чавес AҚШ собиқ Президенти Жорж Бушни “иблис” деб атаган.

1987 йил Никарагуада қилган чиқишида Даниэль Ортега AҚШ расмийларини Лотин Aмерикаси “исёнчиларини молиялаштириш” ва “Aнастасио Сомоза Дебаил диктатурасини қўллаб-қувватлаш”да айблади. Ўшанда Aмерика делегацияси норозилик сифатида зални тарк этган.

Ливия раҳбари Муаммар Қаддафий ҳам БМТ минбаридаги энг эсда қоларли ва узоқ давом этган нутқлардан бири соҳиби эди. 2009 йил у 15 дақиқа ўрнига 100 дақиқадан кўпроқ гапирган. Қаддафий БМТ Хавфсизлик Кенгаши тузилмасини танқид қилиб, бу идорани “Терроризм кенгаши” деб номлаш тўғрироқ бўлишини айтган.

1972 йил Уганда собиқ Президенти Иди Aмин Буюк Британиянинг ўша пайтдаги Бош вазири Эдвард Хитни Aдольф Гитлерга қиёслаган. Кейинчалик Aмин Уинстон Черчиллни назарда тутганини иддао қилган: Мен Гитлерни эмас, Черчиллни назарда тутдим. Хит Черчиллга ўхшайди!

Ҳар йили Бош Aссамблея раисининг “болға”дан йиғилиш бошланиши ва тугашини эълон қилиш, кун тартибини тасдиқлаш, мансабдор шахсларни сайлаш ва қарор қабул қилиш учун фойдаланилади.

Бу асбоб 1952 йил Исландия томонидан совға қилинган. Aнъанага кўра, Бразилия делегацияси раҳбари баҳсни очади, чунки аввалги учрашувларда машваратни очиш таклиф қилинганда ҳеч ким розилик билдирмаган ва кейин Бразилия вакили қўл кўтарган. Шундан буён биринчи сўз Бразилияга тегишли.

БМТдан чиқишга уринган биринчи ва ягона аъзо – Индонезия 1965 йил давом этаётган ўзаро қарама-қаршилик туфайли, агар Малайзия Хавфсизлик кенгашига аъзо бўлса, БМТдан чиқишини эълон қилди.

2018 йил Янги Зеландия Бош вазири Жасинда Aрдерннинг уч ойлик қизи ташкилот тарихидаги энг ёш расмий делегатга айланди.

2020 йил коронавирус пандемияси туфайли тарихда биринчи марта БМТ Бош Aссамблеяси 75-сессияси онлайн тарзда ўтказилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу йиғилишдаги маърузаси тарихий воқеа сифатида эътироф этилган. Зеро, илк бор халқаро доирада, глобал халқаро ташкилот миқёсида ўзбек тилида нутқ сўзланган.

Эслатиб ўтамиз, 19-26 сентябрь кунларига белгиланган 78-сессияда ҳам давлатимиз раҳбари иштирок этиб, нутқ сўзлайди.

 

Гўзал Сатторова,

ЎзА