Будапешт шаҳри мэри Иштван Тарлош бошчилигидаги Венгрия делегацияси Бухоро вилоятида бўлди.
Будапешт шаҳри делегацияси билан учрашувда Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев вилоятда ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди.
2500 йилдан зиёд тарихга эга Бухоро шаҳри Шарқ гавҳари сифатида бутун дунёга машҳур. Қадимий кент бетакрор тарихий обидалари, улкан туризм салоҳияти билан хорижликларни тобора ўзига жалб этмоқда. Бу ерга дунёнинг турли мамлакатлари, жумладан, Венгриядан келаётган сайёҳлар сони ошиб бораётир.
Делегация аъзолари Бухоронинг тарихий масканлари ва бошқа диққатга сазовор жойларни томоша қилди. Кўхна обидалар, уларга ёндош замонавий иншоотлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
– Бухоро ҳақида кўп эшитганман, – дейди Иштван Тарлош. – Бу ерда кўрганларим ўқиган ва эшитганларимдан зиёда экан. Аждодларингиз даҳосидан гувоҳлик бериб турган меъморий ёдгорликлар ўзига хослиги, ҳар бир нақшида жозиба ва сеҳр мужассамлиги билан эътиборни тортади. Бухорога илк келишимиз. Лекин бу саёҳат бизни мафтун этди. Очиғи, барчамиз ҳайратдамиз.
Ташриф давомида Будапешт ва Бухоро шаҳарлари ўртасида маданий алоқаларни йўлга қўйиш, туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш ва ўзаро тажриба алмашиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Меҳмонлар сафари маданий танишув вазифасини ҳам ўтади. Делегация таркибидаги “Эрдафу” ансамбли бухоролик санъат шинавандалари олдида чиқиш қилди. Бухоро мақоми дурдоналари, фольклор-этнографик қўшиқлар венгрияликларда катта таассурот қолдирди.